Ўзбекистон | 10:52 / 03.02.2020
2398
5 дақиқада ўқилади

Энергия самарадор ускуналарни харид қилиш харажатлари бир қисми давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилиш харажатларининг бир қисми Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасига кўра, истеъмолчилар томонидан қуёш фотоэлектрик станциялари ва қуёш сув иситгичларини ҳамда энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонларни сотиб олиш, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилиш харажатларининг бир қисмини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Молиялаштириш механизмини тасдиқлаш тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий ҳайъатлар Энергетика вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 15 майга қадар келгуси йилда истеъмолчилар томонидан замонавий қуёш фотоэлектрик станциялари ва қуёш сув иситгичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни ўрнатилиши бўйича режавий ҳисоб-китоблар асосида тегишли ҳудудлар кесимидаги рўйхатни шакллантириб Молия вазирлигига тақдим қилиб боради.

Молия вазирлигига ҳар йили 15 августга қадар келгуси йилда истеъмолчилар томонидан замонавий қуёш фотоэлектрик станциялари ва қуёш сув иситгичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни ўрнатилиши бўйича режавий ҳисоб-китоблар асосидаги тегишли ҳудудлар кесимидаги рўйхатни шакллантириб Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилиб боради.

Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли ҳудудлар кесимида тасдиқланган энергия қурилмаларни истеъмолчилар томонидан ўрнатилиши бўйича режавий ҳажмидан келиб чиқадиган харажатларни қоплаш учун зарур маблағларни 2021 йилдан субсидия ажратиш учун Давлат бюджет кўрсаткичларини шакллантиришда кўзда тутиб борилишини таъминлайди.

 

Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили 1 октябрга қадар, келгуси йилда энергия самарадор қурилмаларини ўрнатилиши режалаштирилган тегишли ҳудудлар кесимидаги истеъмолчилар рўйхатини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кесимида тасдиқлайди ҳамда Молия вазирлигига, Энергетика вазирлигига, Марказий банкка хамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ижро учун юборади.

Энергетика вазирлиги шахсий веб сайтида ҳар чоракда энергия самарадор қурилмаларини ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ҳамда ўрнатиш ишлари билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотларнинг рўйхатини шакллантириб боради.

Истеъмолчилар томонидан энергия самарадор қурилмалар сотиб олиниб ўрнатилганидан сўнг, ушбу қурилмаларни сотиб олишга ҳамда тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга кетган харажатларини бир қисмини Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш қуйидагича амалга оширилади:

а) жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялар, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ:

қуёш фотоэлектрик станциялари учун - 3 миллион сўмдан;

қуёш сув иситкичлар учун - 1,5 миллион сўмдан;

газ-горелкали қурилмалар учун - 200 минг сўмдан ошмайдиган миқдорда компенсациялар тақдим этиш;

б) жисмоний ва юридик шахсларга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилишга тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга қуйидаги компенсацияларни тақдим этиш:

жисмоний шахсларга - 500 миллион сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича - Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 8 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда;

юридик шахсларга - 5 миллиард сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда;

в) энергия самарадор, энергия тежовчи технологиялар ва ускуналарга, шунингдек, уларни синаш методларига нисбатан талабларни ўрнатадиган халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ишларига, халқаро молия институтлари ва донор мамлакатлар томонидан тақдим этиладиган молиявий ва техник кўмак, шу жумладан, грант ва кредит маблағлари доирасида амалга оширилади. Бунда жисмоний шахсларга ўз маблағлари ҳисобидан сотиб олган ва тижорат банкларининг кредитлари бўйича харид қилинган энергия самарадор қурилмалари фоиз харажатларини бир қисмини бюджет ҳисобидан қоплаб беришда, уларнинг хоҳишига кўра танланган йўналишнинг фақат битта тури ўз маблағлари ҳисобидан ёки тижорат банкларининг кредит фоиз харажатлари бўйича маблағлар ажратилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид