Фан-техника | 12:10 / 05.02.2020
7135
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳолининг мобил алоқа билан қамрови 96 фоизга етди

2019 йил якунларига кўра Ўзбекистонда аҳоли масканларини мобил алоқа билан қамрови даражаси 96 фоизга ва мобил интернет тармоғига кенг полосали уланиш қамрови даражаси 70 фоизга етказилди

Фото: Getty Images

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига қараганда, мамлакатда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 22 млн.дан ортди, шундан мобил интернет фойдаланувчилари сони 19 млн.ни ташкил этди. Мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида 2 017 та мобил алоқа база станцияси ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 26 мингтадан ортди.

2020 йилда республика бўйича 12 минг км. оптик толали алоқа линиялари қуриш ва 2 200 та мобил алоқа база станцияларини ўрнатиш белгилаб олинди.

Шунингдек, 2019 йилда «Оптик толали алоқа линияларини қуриш» лойиҳаси доирасида республика бўйича 10,0 минг км. оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 36,6 минг км.га етказилди.

Халқаро Интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 Гбит/с.ни ташкил этиб, коммутация маркази орқали 750 Гбит/с тезликда Интернет тармоғига чиқиш имконияти яратилди ва тармоқнинг юкланиш даражаси 76,6 фоизни ташкил этди.

Республика бўйича 237 та объектда магистраль телекоммуникация тармоқлари кенгайтирилиб, телекоммуникация ускуналари модернизация қилиниб, магистраль телекоммуникация тармоқлари ўтказувчанлик қобилияти вилоятлараро даражада 200 Гбит/с.га, туманлараро даражада эса 40 Гбит/с.га етказилди.

Мавзуга оид