Ўзбекистон | 23:27 / 05.02.2020
11078
2 дақиқада ўқилади

Қурилиши тугалланган объектлардан фойдаланишга рухсат бериш бўйича мавжуд тартиблар бекор қилинади

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида​»га қарори қабул қилинди. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди.

Президент қарорига кўра:

2020 йил 1 мартдан бошлаб бюджет тизимидаги бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлардан ташқари капитал таъмирлаш объектларида давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича талаблар бекор қилинади.

Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар томонидан қурилиши тугалланган объектлардан фойдаланишга рухсат бериш тартибини жорий қилган ҳолда, уларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича мавжуд тартиб-таомиллар қуйидаги муддатларда босқичма-босқич бекор қилинади:

·       молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, хавф-хатар тоифаси паст объектлар учун — 2020 йил 1 майдан;

·       давлат харидлари субъектларининг маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлар учун — 2022 йил 1 январдан;

·       бошқа манбалар ҳисобига молиялаштириладиган объектлар учун — 2021 йил 1 январдан.

Объектларни фойдаланишга қабул қилиш учун рухсатномалар бериш тартиби татбиқ қилингунига қадар Инспекция ва ҳудудий инспекциялар қурилиши тугалланган объектларни (давлат харидлари субъектларининг маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлардан ташқари) фойдаланишга қабул қилиш жараёнига давлат санитария назорати ва давлат ёнғин назорати ҳудудий органларини жалб қилади ҳамда улар объектларни қабул қилиш муддатлари доирасида Инспекция ва ҳудудий инспекцияларга объектнинг санитария нормалари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса тақдим этиши белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ой муддатда қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилишда ҳудудий инспекцияларнинг давлат санитария ва ёнғин назорати ҳудудий органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини ишлаб чиқади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид