Жаҳон | 17:37 / 06.02.2020
8641
4 дақиқада ўқилади

Январь ойида жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари ошди

ФАО озиқ-овқат нархлари индекси ҳисоботига кўра, энг кўп сотиладиган ва сотиб олинадиган маҳсулотлар нархлари сўнгги тўрт ой ичида кўтарилишда давом этди

Фото: 123RF

Жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари январь ойида кўтарилди. Бу сўнгги тўрт ой давомида озиқ-овқат нархларнинг узлуксиз кўтарилишидир.

ФАО озиқ-овқат нархлари индекси ой давомида ўртача 182,5 пунктни ташкил этиб, декабрь ойига нисбатан 0,7 фоиз ва ўтган йилнинг январь ойига нисбатан 11,3 фоизга кўтарилди.

Ҳар ой давомида кузатилиб борадиган жаҳон озиқ-овқат нархлар индексининг ошишига ўсимлик ёғлари, шакар ва буғдой нархларининг кўтарилиши асосий омил бўлди.

Ой давомида пальма, соя, кунгабоқар ва колза ёғларининг нархи кўтарилгани ортидан ФАО ўсимлик ёғи нархлари индекси 7.0 фоизга ўсиб, сўнгги уч йилликдаги энг юқори кўрсатгични ташкил этди. Бироқ. савдо-сотиқдаги ноаниқликлар, коронавирус тарқалиши хавфи ҳамда Ҳиндистон ва Малайзия ўртасидаги савдо таранглиги ўсимлик ёғи нархларига январь ойининг иккинчи ярмида таъсир этиб, бироз пасайишига олиб келди.

Бир қатор йирик шакар экспорт қилувчи мамлакатларда ишлаб чиқариш миқдори анча паст бўлиши прогнози сабабли ФАО шакар нархлари индекси 5,5 фоизга ўсди. Бразилия валютасининг доимий заифлиги, нефть хом-ашёси нархининг пасайиши ортидан этанол тайёрлаш учун шакарқамишга бўлган талаб жаҳон бозорида шакар нархининг кўтарилишига олиб келди.

Декабрь ойидан бошлаб баъзи давлатларнинг буғдой, маккажўхори ва гуручга бўлган талаби ошиши ҳамда сотиб олишнинг тез суръатларда ўсиши ФАО бошоқли экинлар нархлари индексини 2,9 фоизга оширди.

ФАО сут маҳсулотлари нархлари индекси январь ойида 0,9 фоизга ўсди, бу сариёғ, пишлоқ ва ёғсизлантирилган сут кукунига бўлган кучли талаб туфайли юзага келди.

Бундан фарқли ўлароқ, ФАО гўшт нархлари индекси, 11 ойлик максимал ўсишдан кейин январь ойида 4 фоизга пасайди. Бунга Хитой ва Узоқ Шарқ мамлакатларидан маҳсулот сотиб олишнинг камайиши, шунингдек чўчқа ва қорамол гўштининг катта экспорт имкониятлари мавжудлиги асосий сабаб бўлди.

2020 йилда дон маҳсулотлари кўрсаткичи рекорд даражада қайд этилиши мумкин

Шунингдек, ФАО 2020 йилда дунёда дон етиштириш бўйича янги прогнозини эълон қилди. Янгиланган маълумотга кўра, дон экинлари ҳосили янги рекорд кўрсаткич – 2 715 миллион тоннани ташкил этади ва ўтган йилга нисбатан 2,3 фоизга ошади.

Бугун эълон қилинган янги дон маҳсулотлари ва талаблари тўғрисидаги қисқача маълумотдан, яқинда бошланадиган жанубий яримшарда 2019 йилги дағал дон ҳосилининг «аралаш» истиқболларини қайд этилган. Қулай ёғингарчилик, кўпроқ экилган майдонлар, ички нархларнинг юқорилиги ва экспортнинг катта истиқболлари туфайли Аргентина маккажўхори ҳосилидан фойда кўриши кутилмоқда. Соя ҳосилининг секин суръати қўшни Бразилияда маккажўхори экилишнинг кечикишига олиб келди.

Шимолий яримшарда эса, кутилмаган ёмғир туфайли Европанинг Франция ва Буюк Британия давлатларида кузги буғдой майдонларининг камайиши кутилмоқда. Украина ва Америка Қўшма Штатларида кузги дон экиш шартномаси имзоланиши назарда тутилган. Бундан фарқли ўлароқ, Россия Федерациясида кескин пасайишлар кутилмоқда, расмий ҳисоб-китобларга кўра, Ҳиндистон ва Покистонда кузги буғдой рекорд даражада экилган.

ФАО 2019-2020 йилларда дунёда дондан фойдаланиш прогнозини ўтган йилга нисбатан 1,2 фоизга ошириб, 2 714 миллион тонна қилиб белгилади. Ушбу рақам асосан АҚШнинг озуқа учун ишлатиладиган маккажўхори ҳисоб-китоблари билан боғлиқ расмий тузатишларни акс эттиради.

Бутунжаҳон дон захиралари 2020 йил мавсумининг охирига келиб, 863,3 миллион тоннани ташкил қилиши кутилмоқда, бу уларнинг кутилган таклиф миқдоридан бир оз паст бўлган кўрсатгич. Дунё бўйича дон захираларини истеъмол қилиш коэффитсиенти тарихий стандартлар бўйича қулай бўлган 30,9 фоиз даражасида прогноз қилинмоқда.

2019-2020 йилларда дон маҳсулотларининг жаҳон савдоси 2,3 фоизга ўсиб, 420,2 миллион тоннагача кўтарилиши кутилмоқда, бу Европа Иттифоқи ва Украинадан Осиёга буғдой етказиб бериш ҳажмининг ошиши билан рекорд даражадаги иккинчи юқори кўрсаткичдир.

Мавзуга оид