Жамият | 09:07 / 07.02.2020
18224
2 дақиқада ўқилади

Миллий гвардия Юнусобод туманида содир бўлган ҳолат бўйича расмий маълумот берди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида пичоқ билан таҳдид қилган шахс қўлга олинди

Иллюстратив фото

Юнусобод туманида жамоат тартибини сақлаш юзасидан хизмат вазифасини ўтаётган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси номаълум шахс қўлида пичоқ билан аёл кишини қувиб келаётганини кўриб, зудлик билан кўнгилсизликни олдини олишга ошиққан.

Номаълум эркак аёлга етиб олган пайтда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси етиб келиб, аёлни пичоқ билан таҳдид қилаётган эркак қўлидан ажратиб олган. Аёлни ўз ҳимоясига олган Миллий гвардия ҳарбий хизматчисини кўрган тартиббузар шу заҳоти қочиб кетган.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси А.Х. шу ҳудуддаги пост-патруль экипажига ҳолат юзасидан хабар бергач, тартиббузар ортидан экипаж қувиб, Юнусобод 9-даҳада тўхтатилган. Фуқародан қўлидаги пичоқни ташлаш талаб қилинганида, фуқаро Миллий гвардия ва ППХ ходими талабини бажармасдан, ҳақорат қилиб, уларни ўзига яқинлаштирмаслик учун тош ва бошқа қўлига илинган нарсаларни ота бошлаган. 

Фуқаро уни ушлаш вақтида ички ишлар ходимининг оёғига пичоқ санчиб олгач, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Ё.Ф. ПР73 (резина таёқ)ни ишлатишга мажбур бўлган. Сўнг тартиббузарнинг қўлидаги пичоқни тортиб олиб, қўлига кишан солган. Қўлга олинган шахс Юнусобод туман ИИБ бўлимига топширилган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида фуқаролар Шайхонтоҳур туманида яшовчи эр-хотин С.Н. ва С.А. эканлиги, эри спиртли ичимлик ичгани оқибатида ўзаро жанжаллашиб, шу ҳолат юзага келганлиги маълум бўлган. 

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда, дейилади Миллий гвардия хабарида.

Мавзуга оид