Жаҳон | 17:40 / 09.02.2020
7660
2 дақиқада ўқилади

Эронда кичик масофаларга мўлжалланган янги ракета тақдим этилди

Эрон двигатели композит материаллардан ишланган такомиллашган ракетани тақдим этди. Ракета 500 километргача масофани учиб ўта олади.

«Раъд-500» (Яшин-500) ракетаси унинг оғирлигини камайтиришга ва «Фотиҳ-110» ракетасига нисбатан 200 км узоқроққа учишга имкон берувчи композит двигателларда ҳаракатланади.

Очиқ манбадан олинган маълумотларга кўра, «Фотиҳ-110» ракетаси 300 кмгача уча олади. ОАВнинг маълум қилишича, ушбу ракеталар оиласига кирувчи янги авлод ракетаси «Фотиҳ-313» январь бошида АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига зарба беришда қўлланган бўлиши мумкин.  

Айни вақтда Эронда 1979 йилдаги ислом инқилоби билан боғлиқ тантаналар бўлиб ўтмоқда. Улар 1 февралда бошланиб, 10 кун давом этади. Тантаналарнинг охирги куни бутун мамлакат бўйлаб катта кўламли юришлар бўлиб ўтади.

Ушбу 10 кунлик «Даҳа фажр» (Тонгнинг 10 куни) деб номланиб, бу вақтда Эронда одатда турли соҳалардаги, жумладан ҳарбий-техник ва илмий ютуқлар намойиш этилади. Жорий йилда ислом инқилоби ғалабасининг 41 йиллиги нишонланмоқда. 

Мавзуга оид