Жаҳон | 20:06 / 09.02.2020
29586
2 дақиқада ўқилади

Йўловчи самолёти янги тезлик рекорди ўрнатди - ОАВ

Boeing йўловчи самолёти Атлантика океани устидан учиш вақтида янги тезлик рекорди ўрнатди. Таъкидланишича, самолёт соатига 800 милдан юқорироқ тезликка эриша олган.

British Airways авиакомпанияси самолёти Нью-Йоркдан Лондонгача масофани учиб ўтиш вақтида 800 мил/соатдан (1287 км/соат) юқорироқ тезликка эришгач, янги тезлик рекордига даъвогарлик қилиши мумкин. Бу ҳақда The Independent нашри хабар берди. 

Таъкидланишича, 8 ва 9 февраль кунлари самолётлар Атлантика устидан учиб ўтиш вақтида бир нечта тезлик рекорди ўрнатган. Бунга эса Британияга Шимолий Америка томондан келган “Сиара” шторми вақтидаги кучли шамол сабаб бўлган. Самолётлар йўналиши билан бир йўналишда эсган шамол уларни янада тезроқ учирган.

Flightradar24 маълумотларига кўра, Нью-Йоркдан 8 февралда учган Boeing 747 самолёти Лондоннинг Хитроу аэропортига 4 соат 56 дақиқада етиб келган. 

Орқа йўналишдаги парвозлар эса 2,5 соатдан кўпроқ вақт олган.

British Airways самолёти Нью-Йорк-Лондон йўналишида Norwegian Air самолёти томонидан 2018 йил январда ўрнатилган рекордни ортда қолдирган. Ўшанда Norwegian самолёти юқоридаги масофани 5 соат 13 дақиқада учиб ўтган. Умуман олганда, Нью-Йорк ва Лондон ўртасида ўртача парвоз вақти 6 соат 13 дақиқани ташкил қилади.

Мавзуга оид