Жамият | 19:39 / 10.02.2020
4904
6 дақиқада ўқилади

Мақоладан сўнг: Тадбиркорнинг давлат эгалигидаги автомашинаси ўзига қайтарилади

Kun.uz сайти орқали жорий йил 29 январида «Фуқаро ва тадбиркор «емаган сомсасига пул тўламоқда». Қорақалпоғистон жиноят судининг ажрими адолатлими?» номли материал эълон қилиниб, унда фуқаро ва тадбиркорнинг «Cobalt» русумли автотранспорт воситаси асоссиз равишда қайтарилмасдан, Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ ихтиёрида қолаётгани баён этилган эди.

Мазкур мақола бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди муносабат билдирди.

«2020 йил 31 январда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида А. Амановга оид жиноят иши унинг назорат тартибидаги шикоятига асосан кўриб чиқилди.

Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг 2017 йил 17 февралдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисмининг «а», «в», «г» бандлари билан Жиноят кодексининг 45-моддаси қўлланиб, 2 йил-у 6 ой муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ўтказиш шарти билан 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, Жиноят кодексининг 209-моддасининг 1-қисми билан иш ҳақидан 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаш шарти билани 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисмининг «а» банди билан энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида 39 072 000 сўм жарима, Жиноят кодексининг 243-моддаси билан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, иш ҳақидан 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаш шарти билан 2 йил-у 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, Жиноят кодексининг 59, 61-моддалари тартибида 2 йил-у 6 ой муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида 39 072 000 сўм жарима, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаш шарти билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми тартибида 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида 39 072 000 сўм жарима, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаш шарти билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган 35 100 000 сўмга баҳоланган «Cobalt» русумли, 95 307 NAA давлат рақам белгили автомашинани давлат фойдасига мусодара қилиш белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди кассация инстанциясининг 2019 йил 6 мартдаги ажрими билан суднинг ҳукми ўзгартирилиб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисмининг «а», «в», «г» бандлари билан қўйилган айблов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилинган. Жиноят кодексининг 243-моддаси билан қўйилган айблов чиқарилиб, Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисмининг «а» банди билан энг ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида 39 072 000 сўм жарима, 209-моддасининг 1-қисми билан 1 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 1 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида 39 072 000 сўм жарима жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми тартибида 1 йил 6 ой муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида 39 072 000 сўм жарима жазолари тайинланган.

Иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган «Cobalt» русумли, 95 307 NAA давлат рақам белгили автомашинанинг қийматини, яъни 35 100 000 сўмни А. Амановга қайтариш белгиланган.

А.Аманов назорат тартибидаги шикоятида айбсизлиги, ҳимоя ҳуқуқи бузилгани, дастлабки терговда тазйиқ ўтказилгани ҳақида важлар келтириб, оқлов ҳукми чиқаришни ҳамда «Cobalt» русумли, 95 307 NAA давлат рақам белгили автомашинани аслича «Аманов Жамшидбек» деҳқон хўжалиги балансига қайтаришни сўраган.

Судлов ҳайъати, А. Амановнинг айбидан Жиноят кодексининг 243-моддаси билан эълон қилинган айблов чиқарилганини, ўз навбатида ушбу жиноят предмети сифатида ашёвий далил тариқасида олинган «Cobalt» русумли, 95 307 NAA давлат рақам белгили автомашина қонуний эгасига қайтарилиши лозимлиги, шунингдек, қайд этилган Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва низомларига асосан ҳозирги вақтда «Cobalt» русумли, 95 307 NAA давлат рақам белгили автомашина Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида фойдаланишда экани, Мажбурий ижро бюросига беғараз берилганини инобатга олиб, автомашинани «Аманов Жамшидбек» деҳқон хўжалиги балансига қайтаришни лозим топди.

Шунга кўра, А.Амановга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг 2017 йил 17 февралдаги ҳукми ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди кассация инстанциясининг 2019 йил 6 мартдаги ажрими ўзгартирилди.

Ашёвий далил «Cobalt» русумли, 95 307 NAA давлат рақам белгили автомашина «Аманов Жамшидбек» деҳқон хўжалиги балансига қайтарилиши белгиланди.

Суд қарорларининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган», дейилади Олий суд матбуот хизмати берган хабарда.

PS: Таҳририят билан боғланган А.Аманов автомашинани қайтариш тўғрисидаги Олий суд ажрими 30 январь куни қабул қилинган бўлса-да, шу кунгача (10 февраль) ажрим нусхаси унга тақдим этилмагани, бунинг натижасида «Cobalt» русумли автомашина «Аманов Жамшидбек» деҳқон хўжалиги ҳалигача қайтарилиши таъминланмай қолаётганини маълум қилган.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид