Ўзбекистон | 12:13 / 11.02.2020
2840
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ Европа бюроси раҳбари илк расмий ташрифини Ўзбекистондан бошлади

Бугун, 11 февраль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа бюроси директори Ханс Клюге бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси билан ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси билан 2020-2021 йилларга мўлжалланган 2 йиллик ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. 

Ханс Клюге бюро раҳбари лавозимига 2019 йилнинг сентябрь ойида сайланган. 2020 йилнинг 1 февралидан ўз вазифасига расман киришган.

Эътиборли жиҳати унинг илк расмий хорижий ташрифи Ўзбекистонга бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлган тадбирда жаноб Клюге сўзга чиқди ва ЖССТ Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун эканини билдирди. Тадбир давомида Ханс Клюгега Тошкент тиббиёт академияси профессори фахрий унвони берилди.

Ханс Клюге соғлиқни сақлаш соҳасида 24 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. У ўз фаолиятини Бельгияда оилавий шифокор сифатида бошлаган. Сўнгра Сомали ва Либерияда «Чегара билмас шифокорлар» билан ишлаган. Х.Клюге Россиядаги жазони ижро этиш тизимида сил касаллигига қарши кенг кўламли дастурларда фаол иштирок этган. Доктор Клюге ЖССТнинг Жануби-Шарқий Осиё минтақавий бюросида сил, ОИТС ва безгакка қарши кураш дастурларини ҳам назорат қилди. Сўнгги ўн йил давомида эса ЖССТнинг Европа минтақавий идорасида ишлаб, бу ерда соғлиқни сақлаш тизимидаги катта ўзгаришларда фаол иштирок этган.

Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган икки йиллик ҳамкорлик шартномаси имзоланиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, меҳмон бир қатор тиббиёт муассасалари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолияти билан ҳам танишиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида Женевада бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ЖССТнинг Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланган эди.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид