Жамият | 18:55 / 11.02.2020
19431
3 дақиқада ўқилади

Тошкентга келган ЖССТ бюроси директори носвой савдосини тўхтатишга чақирди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Носвой ишлаб чиқариш ва уни сотишга чек қўйиш – ноинфекцион касалликлар олдини олиш чораларидан бири саналади, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Ўзбекистонга ташрифи доирасидаги нутқида.

«Ноинфекцион касалликлар энг кўп ўлим ҳолатларига сабаб бўлади. Ҳар йили дунёда 140 минг киши ноинфекцион касалликлар туфайли вафот этади. Ўзбекистондаги ҳар тўртинчи одам ноинфекцион касалликлар оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Бу эпидемияни тўхтатиш учун соғлиқни сақлаш сектори чегарасидан чиқиш лозим.

Тамаки, ширин ичимликлар учун солиқларнинг оширилиши, оммавий ахборот воситаларида спиртли ичимликлар рекламасини тақиқлаш, носвой ишлаб чиқариш ва уни сотишга чек қўйиш, туз истеъмолини камайтириш чораларини кўриш, шунингдек, инсонларга фаол ва соғлом турмуш кечиришни осонлаштириш – бу чоралар турли вазирлик ва идоралар томонидан ҳамкорликда амалга оширилиши керак», – деди Ханс Клюге.

Маълумот учун, ноинфекцион касалликлар сурункали характерда бўлиши билан ҳам аҳамиятли. Бу таснифдаги касалликлар одатда аста-секинлик билан ривожланади ва узоқ вақтга чўзилади.

Ноинфекцион касалликларнинг 4та асосий тури бор. Булар – юрак-қон томир касалликлари (масалан, инсульт ва инфаркт), саратон, сурункали респиратор касалликлар (масалан, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги ва астма) ҳамда диабет.

Ханс Клюгенинг сўзларига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз фаолиятини асосий 3та йўналишда олиб боради: инфекцион касалликлар, ноинфекцион касалликлар ва руҳий соғломлик.

Қайд этиш керак, 2018 йил Ўзбекистонда «Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинган.

Қарор билан 2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси ва Дастури тасдиқланган.

Мавзуга оид