Иқтисодиёт | 21:36 / 12.02.2020
8128
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда МЧЖларга облигация чиқариш ҳуқуқи берилмоқда

Ўзбекистондаги облигациялар миқдори Қозоғистондагидан 2050 баробарга, Россиядагидан эса 14850 баробарга кам.

Ўзбекистонда фақат акциядорлик жамиятлари ва тижорат банкларигина корпоратив облигация чиқариш ҳуқуқига эга. Эндиликда масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятларга ҳам бундай имконият берилиши кутиляпти.

Тегишли қонун лойиҳаси 12 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаровнинг маълумот беришича, облигациялар миқдори бугунги кунда Ўзбекистонда 20 миллион АҚШ доллари атрофида баҳоланади.

Бу кўрсаткич Қозоғистонда 41 миллиард доллар, Россияда эса 297 миллиард долларни ташкил этади.

Шарофиддин Назаров

«Бу нафақат фаол инвестицион фаолият, балки тўлақонли монетар сиёсатни амалга оширишда жиддий муаммолар келтириб чиқаради.

Мазкур муаммоларнинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда таклиф этилган лойиҳа билан маъсулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятларга  ташқи аудит ва бошқа маълумотларни ошкор қилган ҳолда барча талабларга риоя қилиш шарти билан корпоратив облигациялар чиқариш ҳуқуқи берилмоқда», – деди Шарофиддин Назаров.

Қонун лойиҳаси қўшимчалар киритиш ва мукаммаллаштириш шарти билан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан парламентга киритилган эди.

Мавзуга оид