Ўзбекистон | 13:28 / 12.02.2020
9430
2 дақиқада ўқилади

«Улар яқин йилларда четга чиқишда давом этади». Азиз Абдуҳакимов мигрантларга транспорт қулайлиги яратиш ҳақида гапирди

Хорижга чиқувчи меҳнат мигрантлари учун транспорт қулайлиги яратилади, поезд ва самолёт учун чипталар арзонлаштирилади

Фото: KUN.UZ

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов меҳнат мигрантларининг хорижий давлатга кетишда транспорт билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётгани бўйича муносабат билдирди. У мазкур масалага Ўзбекистонда ўтказиладиган биринчи халқаро авиация форумига бағишланган матбуот анжуманида тўхталиб ўтди.

“Бизда меҳнат мигрантлари жуда ҳам кўп. Биз истасак ҳам, истамасак ҳам яқин йилларда улар меҳнат қилиш учун Россияга, бошқа давлатларга чиқишда давом этади. Шунинг учун уларга шароит яратиб беришимиз шарт”, дейди Азиз Абдуҳакимов.

“Мигрантларга ҳам хизмат кўрсатилишини ўйлашимиз керак. Поезд, самолёт учун арзон билетларни яратиб бериш керак. Автобус орқали кўплар чиқиб кетяпти, лекин жуда ҳам кўп муаммолар бўляпти. Қозоғистон ҳудудида совуқ об-ҳаво учун қанча автобус йўлда қолиб кетди, одамлар жабрланяпти”, дея таъкидлайди у. 

Бош вазир ўринбосари мамлакатда аҳоли сонига нисбатан самолётлар миқдорининг камлиги масаласига ҳам тўхталиб ўтди. 

“Ўзбекистоннинг аҳолиси 34 млн.га етди. Бизда 29та самолёт бор, яна 5та учоққа буюртма берилган. Қўшни Қозоғистонда эса 18 млн аҳоли истиқомат қилгани ҳолда 100дан ортиқ самолётга эга, яна 58тасига буюртма берган. Бизнинг аҳолимизда мобиллик кучли, яъни тез-тез хорижга чиқади. Лекин кўпинча Ўш, Чимкент орқали чиқиб кетишади. Буни ҳал қилиш керак. Ўзимиз самолётларни кўпайтирмасак, бозорни бериб қўйишимиз мумкин”, дейди Азиз Абдуҳакимов.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид