Жамият | 19:15 / 12.02.2020
46646
2 дақиқада ўқилади

Хоразм вилояти аҳолиси сони бўйича статистик маълумотлар берилди

Хоразм вилояти доимий аҳолисининг сони 2020 йил 1 январь ҳолатига 1866,7 минг кишини ташкил этиб, 2019 йил бошидан 31,0 минг кишига ёки 1,7 фоизга ўсди.

Бу ҳақда Хоразм вилояти статистика бошқармаси маълумот бермоқда.

2019 йилда вилоятда 41,2 минг чақалоқ туғилиб, 8,5 минг киши вафот этган. Натижада, аҳолининг табиий ўсиши 32,7 минг кишини ташкил қилган. Шунингдек, 5,8 минг киши вилоятга яшаш учун кўчиб келган бўлса, 7,4 минг киши кўчиб кетган.

Вилоятда қишлоқ аҳолиси шаҳар аҳолисига нисбатан кўпроқ бўлиб қолмоқда. Хусусан, шаҳар аҳолиси сони 619,3 минг кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 33,2 фоиз), қишлоқ аҳолиси сони 1247,4 минг кишини (66,8 фоиз) ташкил этади.

Вилоятнинг энг катта шаҳарлари – Урганчда 143,9 минг, Хивада

92,1 минг аҳоли истиқомат қилмоқда.

Ҳудудлар кесимида таҳлиллар шуни кўрсатяптики, 2020 йил 1 январь ҳолатига энг кўп аҳоли сони Ҳазорасп туманида қайд этилган – 247,8 минг киши (ёки вилоят аҳолиси сонидаги улуши 13,3 фоиз). Кейинги ўринларда Урганч тумани – 197,5 минг (10,6 фоиз) ва Хонқа тумани – 185,5 минг (9,9 фоиз) бормоқда.

2019 йил давомида қайд этилган никоҳлар сони 15,8 мингни ташкил қилади. Бу эса 2018 йилга нисбатан 0,2 мингтага камдир. Умуман олганда сўнгги уч йил давомида никоҳлар сони камайиб бораётганини кузатиш мумкин. Никоҳдан ажралишлар сони эса йилига мингтани ташкил қиляпти.

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади

Мавзуга оид