Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш натижасида мамлакатда доимий яшовчилар сони жорий демографик ҳисобдан 810 минг кишига кўпроқлиги маълум бўлди.

Kun.uz ҳисоб-китобларига кўра, шундан 602 минг кишилик фарқ – биргина Тошкент вилоятига тўғри келган.

2026 йил бошида вилоят аҳолиси 3,2 миллионга яқин деб ҳисобланган бўлса, рўйхатга олиш натижасида бу ҳудудда қарийб 3,8 миллион киши доимий яшаши ойдинлашди.

Шу тариқа, Тошкент вилояти 14 та ҳудуд орасида аҳоли сони бўйича 7-ўриндан 3-ўринга кўтарилди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотлари

Рўйхатга олиш натижасида 5 та ҳудудда – Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида аҳоли сони расмий статистикага нисбатан камроқ чиқди.

7 та ҳудудда расмий статистика ва рўйхатга олиш натижасида аниқланган аҳоли сони ўртасидаги фарқ 1 фоизга етмаган. Яъни 14 та ҳудуднинг тенг ярмида аҳоли сони бўйича узоқ йиллик статистик хатолик даражаси 1 фоиздан камроқ бўлган. Хусусан, Бухоро вилояти бўйича фарқ 0,1 фоизни ташкил этмоқда.

Изоҳ: мазкур материалда (шу жумладан, рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари бўйича Статқўм материалларида ҳам) 2026 йил 1 январ ҳолати бўйича демографик статистика ва 2026 йил январ-феврал ойларида ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижалари ўзаро таққосланган, яъни таққосланаётган даврларда кичик бўлса-да тафовут бор.

810 минг кишилик фарқ қаердан келиб чиққан?

Миллий статистика қўмитаси изоҳига кўра, Ўзбекистонда доимий яшовчи сифатида рўйхатга олинган одамлар сони демографик статистикадан фарқли чиққани қуйидаги омиллар билан боғлиқ:

  • жорий ҳисоб-китоблар одатда туғилиш, ўлим ва миграция бўйича маъмурий маълумотлар асосида юритилади;

  • аҳолининг ички ҳаракати, яшаш жойини ўзгартириши, вақтинча бошқа ҳудудда бўлиши ёки рўйхат маълумотларининг ўз вақтида янгиланмаслиги ҳисоб-китобларда фарқ келтириб чиқариши мумкин;

  • рўйхатга олиш жараёнида уй хўжаликлари, турар жойлар ва манзилли объектлар бўйича маълумотлар тўғридан тўғри аҳолидан йиғилди;