Жамият | 12:05 / 13.02.2020
10913
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида Damas’ни олиб қочиб, ЙПХ машинаси билан тўқнашган йигитлар ушланди

Тошкент вилоятида икки нафар ёш йигит Damas автомашинасини олиб қочди

Фото: Тергов департаменти

2020 йил 6 февраль куни соат 10:00 дан 17.00 га қадар бўлган вақт оралиғида, номаълум шахс фуқаро 31 ёшли С.Х.га тегишли Damas русумли автомашинани Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар Олтин замин кўчасидаги уйларнинг ёнидан олиб қочиб кетган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни вояга етмаган 16 ёшли Б.Г. ва 17 ёшли Ё.Т. содир этганликлари аниқланиб, олиб қочилган автомашинани Оҳангарон тумани ҳудудида бошқариб кетаётганларида, ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига риоя қилмасдан ҳаракатни давом эттириб, ҳайдовчининг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли ЙПХ автомашинаси билан тўқнашиб кетиб, олиб қочилган автомашина йўлининг четидаги ариққа тушиб кетиши натижасида тўхтаган.

Жиноят иши бўйича Б.Г. ва Ё.Т. процессуал тартибда ушланган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга оид