Ўзбекистон | 19:53 / 14.02.2020
8402
2 дақиқада ўқилади

Давлатга мажбурий ғалла сотиш тизими икки босқичда бекор қилиниши режалаштирилмоқда

Видеселектор йиғилишида ғалла ҳосилини ғамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 февраль куни мева-сабзавотчилик кластерларини самарали ташкил қилиш, пахтачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда давлат эҳтиёжлари учун пахта ва ғалла етиштириш тизимидан босқичма-босқич воз кечиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда ғаллани давлат эҳтиёжи учун мажбурий сотиб олиш тизимидан давлат захиралари тизимига ўтилаётгани ва фермерларга ғаллани эркин сотиш ҳуқуқи берилаётгани қайд этилиб, бу масала озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ бўлгани боис давлатга мажбурий ғалла сотиш тизими икки босқичда бекор қилиниши режалаштирилгани маълум қилинди.

«Бу йил етиштириладиган ғалла ҳосилидан давлат эҳтиёжлари учун сотиладиган ҳажми камайтирилади. Яъни, мамлакатимиз бўйича бу йил қўшимча 1 миллион тоннадан ортиқ ғалла фермерлар ихтиёрида қолади.

2021 йил ҳосилидан бошлаб эса давлатга ғалла сотиш режаси тўлиқ бекор қилиниб, маҳсулотни бозор нархларида сотиб олиш йўлга қўйилади.

Президент бу ўзгаришларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Ер ажратиш борасидаги муаммолар кўриб чиқилди. Суғориладиган майдонлар талон-торожига чек қўйиш, ҳар бир қарич ердан халқ манфаати йўлида самарали фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, жойлардаги мутасаддиларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан соҳа мутасаддилари, ҳудудлар ва тармоқлар раҳбарлари ахборот берган.

Мавзуга оид