Жаҳон | 22:15 / 14.02.2020
15246
2 дақиқада ўқилади

Москвада метро олдида чақалоғини ташлаб кетган ўзбекистонлик аёл ҳибсга олинди 

Москвада метронинг “Парк Победы” станцияси ёнидаги ер ости ўтиш жойида чақалоқ фарзандини ташлаб кетган ўзбекистонлик аёл бир ой 28 кунга ҳибсга олинди.  

Бу ҳақда “Известие” нашри хабар берди. 

Ҳибсга олинган 29 ёшли Мафтунахон Каримованинг айтишича, у чақалоқни бир ўзи боқа олмаслиги сабабли ташлаб кетишга қарор қилган. Аёлнинг айтишича, у Москвага ишлагани келган ҳамда кўп ўтмай бир йигитни севиб қолиб, ундан ҳомиладор бўлган.

Каримованинг таъкидлашича, унда ўғил фарзандини боқиш учун сут ва маблағ бўлмаган. Шу сабабли у тиланчилик қилган ва ҳаттоки икки кун фоҳишалик билан шуғулланган. Аёлнинг айтишича, у фарзандини болалар уйига ёки туғруқхонага топширмоқчи бўлган, бироқ у ерда болани қабул қилишмаган. Натижада у фарзандини кимдир пайқаб, олиб кетиши мақсадида метро олдида ташлаб кетган.

Кўринишидан 2-3 ойлик бўлган чақалоқ 12 февралда метро ходимлари томонидан топилган. Каримованинг болани ташлаб кетаётгани видеокузатув камералари томонидан қайд қилинган. Шундан кейин аёлни қидириш бошланган.

Терговчилар Каримовага нисбатан “Хавфда қолдириш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатишган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид