Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москва биржаси индекси 2022 йилдан бери илк бор 2000 пунктдан пастлади
Россия фонд бозорида кескин пасайиш кузатилди. 16 июл якунига кўра, Москва биржаси индекси 5,7 фоизга тушиб, 2022 йил октябридан бери биринчи марта 2000 пунктдан паст даражага тушди. Шу билан бирга, «Газпром» акциялари 2008 йилдан бери кузатилмаган энг паст қийматга яқинлашди.
Москва биржаси маълумотларига кўра, кун якунида барча савдо сессияларини ҳисобга олувчи IMOEX2 индекси 1991,42 пунктни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2022 йил 20 октябридан бери илк бор 2000 пунктлик чегарадан пастга тушганини англатади.
Асосий савдо сессияларини қамраб олувчи IMOEX индекси ҳам 16 июл савдолари якунларига кўра 4,24 фоизга пасайиб, 2022,27 пунктга етди. Бу 2022 йил сентябридан бери қайд этилган энг катта кунлик пасайишлардан бири бўлди.
Кун давомида энг катта йўқотишларни VK, «Полюс», «Сургутнефтегаз», «Русал» ва «Система» АФК акциялари қайд этди. Хусусан, VK акциялари компаниянинг Max мессенжери ва «ВКонтакте» иловаси Google Play платформасидан олиб ташлангани ҳақидаги хабарлар ортидан кескин арзонлашди.
Шунингдек, «Газпром» акциялари бир донаси 83,98 рублгача тушди. Бу компания қимматли қоғозлари учун тарихий минимумга яқин кўрсаткич ҳисобланади. Бундан аввал энг паст нарх 2008 йил октябрида қайд этилган эди.
Таҳлилларга кўра, Москва биржаси индекси жорий йил март ойида 2904,39 пунктгача кўтарилган бўлса, шундан буён унинг қиймати 31 фоиздан ортиққа камайган.
DW қайд этишича, фонд бозоридаги узоқ давом этаётган пасайиш Россия иқтисодиётидаги муаммолар фонида кечмоқда. Хусусан, Украина қуролли кучларининг дронлар ёрдамида нефтни қайта ишлаш заводлари ва ёнилғи-энергетика инфратузилмасига берган зарбалари ортидан нефт ишлаб чиқариш ҳажми қисқаргани ва мамлакатда ёнилғи таъминоти билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келгани айтилмоқда.
Бундан ташқари, Reuters агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил якунларида Россия федерал бюджети харажатлари ва тақчиллиги расмий режада кўрсатилганидан 1 триллион рублдан ортиққа ошиб кетиши мумкин. Агентлик баҳосига кўра, бюджет харажатлари 45,11 триллион рублни ташкил этади, даромадлар эса 40,28 триллион рубл даражасида қолиши кутилмоқда. Натижада бюджет тақчиллиги аввал режалаштирилган 3,79 триллион рубл ўрнига 4,83 триллион рублга етиши мумкин.