Ўзбекистон | 18:13 / 15.02.2020
44095
6 дақиқада ўқилади

«Бир ўринга 500 номзод» — Колумбия университетининг илк ўзбек профессори илмдаги йўли ҳақида

Ўзбекистонлик Азиза Шоназарова АҚШдаги Колумбия университетининг tenure track позицияси, яъни умрбод профессорлик лавозимига қабул қилинган илк ўзбек олимаси бўлди. У 32 ёш эканини ҳисобга олсак, бу муваффақият, албатта, эътирофга лойиқ.

Фото: Азиза Шоназарованинг шахсий фотоальбомидан

Колумбия университети Ivy League (Айви лига) тоифасига киради. Бу ўзбек тилида «печаклар иттифоқи» деган маънони билдириб, АҚШнинг энг нуфузли 8та университетидан иборат.

Tenure track позициясига профессор ва профессор ассистенти ишга олинади, улар билан тузиладиган меҳнат шартномаси университет маъмурияти томонидан бекор қилинмайди. Бундай шартноманинг асосий мақсади олим эркинлигини таъминлаш ҳисобланади.

Азиза Шаназарова ўрта асрларда Марказий Осиёда гендерлик тарихи ва аёллар диндорлиги мавзусида АҚШнинг Индиана – Блумингтон университетида докторлик диссертациясини ёқлаган. У икки йўналишда — диншунослик ва Марказий Осиё тарихи бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олган.

Kun.uz мухбири интернет орқали олима билан қисқа суҳбат уюштирди.

— Ассалому алайкум, эришган муваффақиятларингиз билан табриклайман! Колумбия университетининг илк ўзбекистонлик профессори бўлдингиз, шу ҳақда тўлиқроқ маълумот бера оласизми?

— Ваалайкум ассалом, эшитган маълумотингиз рост. Яқинда Колумбия университетида профессорлик лавозимига қабул қилиндим.

АҚШ илмий тизими бизникидан тубдан фарқ қилади. У ерда профессорлик лавозими учун бир йил олдин конкурс эълон қилинади. Бир ўрин учун дунё бўйлаб 500 нафарга яқин PhD битирувчилари ва профессор бўлиб ишлаётганлар ҳужжат топширади.

Бу конкурснинг бир неча босқичлари бор. Шуларнинг ҳаммасидан ўтгандан кейин профессорлик лавозимига таклиф қилишади. Колумбия университетига август ойидан дарс беришни бошлайман.

Азиза Шоназарованинг шахсий фотоальбомидан

Ўтган йили «Ватандош» нашрига интервью берганман. Ўша маҳал докторлик диссертациямни ёқлаш арафасида эдим ва Станфорд университетида лектор лавозимида дарс ўтардим.

Станфорддан кейин Питтсбург университетига постдок (Постдокторал тадқиқотчи ёки постдок бу — PhD докторлик ёқлагандан сўнг илмий изланишлар олиб борадиган шахс — таҳр.) илмий лавозимига таклиф қилиндим ва ҳозир айнан шу Питтсбург университетида дарс бериб, илмий ишимни давом эттиряпман.

— Хорижда профессорлик олимга нима вазифа юклайди ёки имтиёз беради? Профессорликка конкурс босқичлари ҳақидаям айтиб берсангиз?

— Research university (илмий университет)ларда профессорлардан асосан дарс бериш ва илмий иш билан шуғулланиш талаб қилинади.

Дарс бериш вазифасига бакалавр, магистратура ва докторантура талабаларига лекция ўқиш киради. Шунингдек, магистр ва докторант етиштириб чиқариш ва уларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилиш ҳам назарда тутилади.

Университетда профессорлик лавозимига ўрин очилгандан кейин университетлар сентябрь-октябрь ойида дунё бўйлаб эълон беришади.

Дастлабки босқичда талабгорлар ўз ҳужжатларини, илмий ишларидан нусхалар ва тавсия хатларини топширишади. Одатда бир ўринга 500га яқин номзод топширади. Талабгорлардан фақат 10-12таси 2-босқичга ўтказилади.

Иккинчи босқичда интервью бўлиб ўтади. Одатда скайп орқали. Учинчи босқичга 3 ёки 4 «финалист» номзод қолиши мумкин, улар университетга келиши таклиф қилинади. Ҳар бир номзод 2-3 кун университет профессорлари ва ректоратдан суҳбатдан ўтади. Шу билан бирга 1,5 соатлик маъруза ўқийди.

Хуллас, охирида бир кишига профессорлик лавозими берилади. Конкурс тахминан 6-7 ой давом этади. Мен мана шу конкурсдан Колумбия университетига профессорлик лавозимига ўтган биринчи ўзбек бўлдим.

Азиза Шоназарованинг шахсий фотоальбомидан

— Талабаларингиз орасида марказий осиёликлар ҳам борми ёки ўзбеклар, Ўзбекистондаги маҳаллий олимлар билан илмий ҳамкорлик қилиб турасизми?

— Мен дарс берган университетларда Марказий Осиёдан талабалар бўлмаган. Асосан, Америка фуқаролари.

Ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорлик қилиб тураман. Ўзим бир муддат ЎзФА Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий ходим бўлиб ишлаганман. Ана шу институт билан алоқам яхши.

Питтсбургдан сўнг Англиянинг энг қадимги университетларидан бири бўлган Оксфорд университетига йўл оламан. У ерда бир семестр маъруза ўқиб, китобимни нашрга тайёрлашни режалаштирганман.

— Ўзбекистонда ҳам илмий фаолият олиб борган экансиз, чет элда илм қилиш билан Ўзбекистондаги илмий фаолиятни қандай таққослайсиз, бизга нималар керак, сизнингча?

— Аввало, бу борада ўз соҳам — манбашуносликдан келиб чиқиб фикр билдиришим мумкин. Гарчи бу кимларгадир ёқмаса-да, айтаманки, энг асосий нарса бу — вақт.

Афсуски, ўзимизнинг академик тизимда мажлисбозлик жуда ҳам кўп. Мажлисларни камайтириш учун мажлислар қилинадигандек. Олимлар етиштириб чиқиш учун нафақат уларга яхши шароит, балки вақт ҳам етарли даражада берилиши керак.

Бирламчи қўлёзма манбалари билан ишлайдиган олим учун кўп нарса керак эмас... Оддийгина, кўп соат давомида бир жойда ҳеч нарсага чалғимасдан илмий иши устида ишласа кифоя.  

Мен докторлик диссертациямни ёзаётган маҳалим 2 ҳафталаб уйдан кўчага чиқмаган пайтим бўлган. Ишимга шунчалик шўнғиганимдан кўчага чиқмаганимни 2 ҳафтадан кейин сезганман.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди

Мавзуга оид