Университет вице-президенти Мэри Осако «тунда лагерда даҳшатли зўравонлик ҳолатлари рўй бергани» ва раҳбарият ҳуқуқ-тартибот органларини чақиришига тўғри келганини айтди.

Ҳозирча тўқнашувга айнан нима туртки бўлгани маълум эмас, аммо, айрим маълумотларга кўра, намойишчилар икки гуруҳга мансуб талабалар ўртасида «буфер зона» ҳосил қилган тўсиқни ағдариб ташлашган.

Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган кадрларда одамлар фаластинликларни қўллаётган талабаларнинг чодирлардан иборат лагерига турли буюмлар ва машъалалар улоқтираётгани акс этган.

Лос-Анжелес маъмурияти шаҳар полиция бошқармаси ўз ходимларини университетга юборганини маълум қилган. Полициячилар талабалар шаҳарчаси ҳудудида юргани акс этган кадрлар ҳам тарқалган. Лос-Анжелес полицияси университет маъмурияти «ноқонуний митинг» ҳақида хабар берганидан кейин ўз ходимларини кампусга юборганини тасдиқлаган.

Фото: ABC7

Daily Bruin газетаси мухбири, Калифорния университети ҳудудида бўлиб турган Дилан Уинворднинг маълум қилишича, Исроилни қўллаётган намойишчилар маҳаллий вақт билан соат 22:00 атрофида турли буюмлар улоқтира бошлаган — сув солинган бутилкалар, машъалалар ва ҳатто кимнингдир скутери ҳам учиб келган. BBC мухбири хабарига кўра, ҳавода кўздан ёш сиздирувчи газ ҳиди анқимоқда.

Уинворднинг сўзларига кўра, университет қўриқчилари ҳудудни тарк этишган, буфер ҳудудни бундан буён «хавфсиз ушлаб тура олиши»га уларнинг кўзи етмаган.

Колумбия университети штурм қилиниши

 

Сешанба куни кечқурун АҚШ полицияси Ню Йоркдаги Колумбия университетининг фаластинликларни қўллаб-қувватлаб чиққан намойишчилар эгаллаб олган биноларидан бирини штурм қилди.

Бир неча юз полициячи бинога деразалар орқали йўл очадиган ҳаракатланувчи платформада «Ҳамилтон-ҳолл»га киришган. Америка нашрлари хабарига кўра, полициячилар 50 нафар атрофидаги намойишчиларни қўлга олишган. Улар бинодан қўллари боғланган ҳолда олиб чиқилган ва автобусларга ўтқизилган.

Бир кун олдин Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларига норозилик билдирган ва фаластинликларни қўллаб-қувватлаётган намойишчилар «Ҳамилтон-ҳолл»ни эгаллаб олгач, университет маъмурияти полициячиларни ёрдамга чақирганди.

Университет томонидан ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган мактубда айтилишича, бинога бир гуруҳ талабалар кириб келгач, бино намойишчилар назорати остига ўтган. Акция иштирокчиларидан бири эшикни очиб берган ва маслакдошларини ичкарига киритган.