Иқтисодиёт | 11:03 / 15.02.2020
5321
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия ўзаро савдо айланмасини 5 млрд долларга етказиш режасини муҳокама қилди 

Жорий йилнинг 13 февраль куни Анқара шаҳрида инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясини Туркия вице-президенти Ф.Ўктай қабул қилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, инвестициявий ҳамкорликни жадаллаштириш ва ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтириш нуқтаи назаридан иқтисодий муносабатларни кучайтириш томонларнинг диққат марказида бўлди.

Турли йўналишлар ва соҳаларда аниқ муддатлари ва масъуллари белгиланган ҳолда, амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Транспорт ва юк ташиш соҳаларида тизимли ўзаро муносабатлар, Туркия ҳукумати томонидан техник кўмак бериш ва имтиёзли кредитлаш дастурлари доирасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди.

"Гебзе" махсус саноат зонасининг филиалини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Туркия Ўзбекистонда мазкур соҳадаги илғор хорижий тажриба асосида тайёрланган "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги қонун қабул қилинганини олқишлади.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги келишувни имзолашга тайёргарликни жадаллаштириш ва мазкур битимга киритилиши таклиф этилаётган товарлар позицияларини кенгайтириш масалалари ўрганилди ҳамда уни амалда қўллаш тартиблари келишиб олинди. Мазкур чоралар Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш борасида икки мамлакат президентлари томонидан берилган топшириқни амалга оширилишига кўмак бериши кутилмоқда.

Мулоқот чоғида биргаликда амалга оширилаётган тадбирларнинг бажариш ҳолатини кўриб чиқиш учун икки мамлакат идораларининг мунтазам равишда учрашувларини ташкил қилиш орқали ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги борасида томонларнинг умумий позицияси билдирилди.

Туркия ҳукумати жорий йилнинг март ойи бошида Туркиянинг саноат ва савдо вазири бошчилигидаги турк тадбиркорларидан иборат делегация ташрифини амалга оширишни режа қилмоқда.

Томонлар Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияси доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш ва унинг ишини доимий ва тизимли равишда таъминлашга келишиб олдилар.

Учрашув якуни бўйича белгиланган вазифалар доирасида яқин муносабатларни ўрнатиш, ўзаро келишиб олинган тадбирлар ва лойиҳаларни илгари суриш бўйича доимий алоқаларни таъминлаш борасида келишувларга эришилди.

Мавзуга оид