Жамият | 19:23 / 17.02.2020
33246
4 дақиқада ўқилади

Қарийб икки йиллик таъқиб поёнига етди. Терговчи оқланди

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди ҳукмига кўра, шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига ҳамда одил судловга қарши жиноят қилганда айбдор деб топилган Чилонзор туман ИИБнинг собиқ терговчиси апелляция шикоятидан сўнг оқланди. Kun.uz мазкур ишни қарийб икки йилдан буён кузатиб келаётган эди.

Фото: Thinkstock

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси 2020 йил 14 январь куни Тошкент шаҳар Чилонзор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси Муродбек Каримовга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини бекор қилди.

Суд ажримида қуйидагилар баён этилади:

«...биринчи инстанция суди ишни кўришда қонун ва Олий суд Пленуми қарорлари талабларига риоя қилмаган.

...М.Каримовга нисбатан жиноят иши Тошкент шаҳар прокурори ёки унга тенглаштирилган прокурор томонидан қўзғатилиши лозим эди. Лекин унга нисбатан жиноят иши 2018 йил 25 апрель куни ... Чилонзор тумани прокурори томонидан, яъни ваколатсиз шахс томонидан қўзғатилган.

...Бироқ, иш бўйича барча тергов ҳаракатлари тергов гуруҳи аъзоси (суд материалларига кўра, Чилонзор прокуратурасида иш ўрганувчи – таҳр.) ҳисобланган Ж.Яхшибоев томонидан олиб борилган, айб эълон қилинган, шунингдек, айблов хулосаси ҳам у томонидан тузилиб, ЖПК талабларига риоя қилинмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати барча дастлабки тергов ҳаракатлари ваколатсиз шахс томонидан ўтказилганлигини инобатга олиб,

...жиноят ишида мавжуд бўлган барча далилларни номақбул далил деб топишни лозим топади.

М.Каримовнинг жиноят ишини тергов қилишга аралашиш, яъни ишни ҳар томонлама тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлиги ўз тасдиғини топмади.

Айни вақтда, М.Каримовни айбли деб топиш учун дастлабки тергов жараёнида тўпланган далиллар етарли эмас ва унинг айбини тасдиқловчи далилни тўплаш имконияти ҳам мавжуд эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, апелляция инстанцияси судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ҳукмини қонуний ва асосли, деб бўлмайди, деб ҳисоблаб, уни бекор қилишни ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни лозим топди.

«Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судининг 2018 йил 2 октябрдаги Каримов Муродбекни ЎзР ЖКнинг 140-моддаси 3-қисмининг «а» банди, 236-моддаси 2-қисми билан айбли деб топиш ҳақидаги ҳукми бекор қилинсин.

Жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ҳамда М.Каримовнинг қилмишида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли ЎзР ЖПКнинг 83-моддаси, 2-бандига асосан реабилитация қилиниб, унга нисбатан жиноят иши тугатилсин», - дейилади суд ажримида.

М. Каримов 2018 йил апрел ойида таҳририятга мурожаат қилиб, унга ва унинг оила аъзоларига нисбатан прокуратура ва прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан турли таъқиблар бўлаётгани ҳақида гапирганди. Қонун талабига кўра, оммавий ахборот воситалари ҳаракатдаги жиноят ишига оид материалларни терговчи ва суднинг розилигисиз ёрита олмаслиги важидан М. Каримов оиласи бошига тушган ишларни кузатиш билан чекланган эдик.

Таҳририят, М. Каримовга нисбатан жиноят иши очилишига сабаб бўлган бошқа бир жиноий иш, яъни М.Каримовнинг отаси ва укасига нисбатан СВОЖЖДЛҚК Департаменти Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани бўлими томонидан ўтказилган махсус тадбир ҳамда тергов жараёнларида йўл қўйилган ноқонуний хатти-ҳаракатлар, М. Каримов билан боғлиқ юзаки ўтказилган хизмат текшируви ва жиноят ишларининг бошқа тафсилотларига доир журналистик суриштирувларини олиб бормоқда. Тафсилотлари билан тез кунларда сайтимиз орқали танишасиз.

Толиб Раҳматов

Мавзуга оид