Жамият | 10:42 / 17.02.2020
9927
2 дақиқада ўқилади

Табиий газ бўлмаган ҳудудлардаги аҳоли ис газини сезадиган ускуналар билан таъминланиши мумкин 

Табиий газ мавжуд бўлмаган ҳудудлардаги аҳолини ис газини сезадиган ускуналар билан таъминлаш таклиф этилмоқда

Фото: AFP/ Barbara Sax

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида табиий газ мавжуд бўлмаган ҳудудлардаги аҳолини ис газини сезадиган ускуналар билан таъминлаш ҳақида петиция эълон қилинди.

Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистоннинг чекка-чекка туманлари қишлоқларидан тортиб ҳатто марказлашган туманларда ҳам табиий газ билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Бу, ўз навбатида, стандартларга жавоб бермайдиган иситиш печларидан фойдаланишга олиб келади. Натижада аҳолининг ис газидан заҳарланиш эҳтимоли ортади. 

“Маълумки, тўлиқ ёнмаган ўтин хамда кўмирдан рангсиз, ҳидсиз бўлган газ (ис гази) ажралиб чиқади. Ушбу ис гази инсон саломатлигига жиддий хавф солади, баъзан бундай ҳолатлар ўлим билан якун топади. Ҳар йили совуқ тушган мавсумда юртдошларимиз ностандарт печлардан фойдаланиши оқибатида ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Менимча, бундай вазиятлар яна такрорланишини олдини олиш шарт ва зарур”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Таъкидланишича, ис гази ҳидсиз газ. Уни зарур ускуналарсиз сезиш мушкул. Шунинг учун, табиий газ мавжуд бўлмаган ҳудудларга мажбурий равишда ис газини сезадиган мослама ўрнатиш кераклиги айтилади. 

“Ушбу ускуна аҳоли турар жойининг иситиш печларига яқин жойга ўрнатилади, агарда ана ўша жойда ис гази сизиб чиқса, ускуна дарҳол баланд товуш чиқариб огоҳлантириш сигналини беради. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ушбу ускунани аҳолига бепул бўлмаса ҳам ўзининг тан нархида сотиш ва ўрнатиб беришни таклиф қиламиз”, - дейилади петицияда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид