Ўзбекистон | 12:02 / 18.02.2020
1320
1 дақиқада ўқилади

Авиация бўйича акциядорлик жамиятлари кузатув кенгашига халқаро экспертлар мустақил аъзо сифатида жалб қилинади

Авиация йўналишидаги давлат улуши мавжуд акциядорлик жамиятлари кузатув кенгашига халқаро экспертлар мустақил аъзо сифатида жалб қилинади

Давлат активларини бошқариш агентлигида Жаҳон банкининг транспорт масалалари бўйича бош иқтисодчиси бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Humо Air авиакомпаниясини ривожлантиришда, унинг рақобатбардошлигини оширишда ва бизнес моделини ишлаб чиқишда авиация йўналиши доирасида жаҳон тажрибасига таяниб иш юритиш муҳимлиги таъкидланди.

Жаҳон тажрибаси мисолида авиация йўналишига хусусий секторни жалб қилиш соҳа ривожланишини янада тезлаштириши ҳақида сўз борди.

Республикада авиация йўналишидаги давлат улуши мавжуд акциядорлик жамиятлари кузатув кенгашига халқаро экспертларни мустақил аъзо сифатида жалб қилишда Жаҳон банки вакиллари билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Мулоқот сўнгида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва истиқболдаги лойиҳаларни амалга ошириш муҳокама этилди. Ўзбекистон авиация соҳасини ислоҳ қилиш мақсадида Жаҳон банки ва агентлик ўртасида мунтазам равишда фикр алмашиш ва заруратга кўра учрашувлар ўтказиш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид