АҚШ транспорт вазири Шон Даффи товушдан тез учувчи фуқаролик авиациясининг қайтишини эълон қилди. Бу ҳақда АҚШ Федерал авиация бошқармаси (FAA) хабар берди.
«Қуруқлик устида товушдан тез парвозларнинг қайта тикланиши фақат тезлик масаласи эмас. Бу Американинг инновацион салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ҳаво қатновларининг янги олтин даврини бошлаш масаласидир», деди АҚШ транспорт вазири.
Унинг сўзларига кўра, FAA мамлакатнинг континентал қисми устида товушдан тез фуқаролик парвозларга рухсат бериш учун муҳим қадам ташлади.
Федерал авиация маъмурияти авиациядаги энг машҳур чекловлардан бири - 1973 йилдан бери амалда бўлган қуруқлик устидаги товушдан тез парвозларни тақиқлашни қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқди. Бунинг ўрнига регулятор шовқин даражасига асосланган янги меъёрларни жорий этишни таклиф қилмоқда, бу эса соҳадаги сўнгги ишланмалар билан биргаликда товушдан тез йўловчи ташишни қайта тиклашга йўл очади.
Товушдан тез учадиган самолётларнинг учиши ва қўниши пайтидаги шовқин даражасига қўйиладиган алоҳида талаблар шу йилнинг охирида эълон қилиниши режалаштирилган. Янги қоидаларни ишлаб чиқишни 2027 йилнинг ўрталарига қадар якунлаш режалаштирилган.
Товушдан тез йўловчи ташишларни қайтаришга имкон берадиган асосий омиллардан бири товуш зарбидан шовқинни камайтиришдир. Бунинг учун махсус учиш режими қўлланилади, бунда самолёт конструкцияси, баландлиги, тезлиги ва атмосфера шароитлари шундай уйғунлаштириладики, зарба тўлқини Ер юзасига етиб бормасдан ёки сезиларли даражада заифлашиб, атмосферада тарқалади.
«Бу шуни англатадики, охир-оқибат биз 1970-йилларда АҚШ ҳудуди устидаги товушдан тез парвозлар тақиқини бекор қилишимиз мумкин, шу билан бирга парвоз йўналишлари бўйлаб ва аэропортлар яқинидаги аҳоли пунктларида шовқин таъсирини камайтирамиз», деди FAA маъмури Брайан Бедфорд.
Товушдан тез учадиган пассажир самолётлари
Мунтазам парвозларни амалга оширган ягона товушдан тез йўловчи самолётлари Европанинг «Конкорд» ва советларнинг Ту-144 самолётлари эди. Иккала модел ҳам хизмат кўрсатиш жуда қиммат ва ҳаддан ташқари шовқинли бўлгани учун аллақачон фойдаланишдан чиқарилган.
Янги самолётлар бундай камчиликларга эга бўлмайди - бугунги кунда америкаликлар уларнинг намойиш моделларини аллақачон синовдан ўтказмоқда. Гап, хусусан, кичик X-59 QueSST ҳақида кетмоқда, унинг технологияси NASA ҳисоб-китобларига кўра, янги товушдан тез йўловчи самолётини яратиш учун асос бўлиши мумкин.







