Ўзбекистон | 14:28 / 18.02.2020
1883
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Ўзбекистон билан миллий ядро инфратузилмани ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилмоқчи

Ҳиндистон томони Ўзбекистонда миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

“Ўзатом” агентлиги делегацияси Ҳиндистоннинг атом электр станциялари қурилиши ва эксплуатацияси тажрибасини ўрганиш ва тегишли вазирлик ва идоралар билан атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш борасида музокаралар олиб бориш учун ушбу мамлакатда хизмат сафарида бўлиб турибди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, ташриф Атом энергетикаси бўйича департамент котиби – Ҳиндистон атом энергетикаси бўйича комиссия раиси Шри Вяс билан ўтказилган музокаралар доирасида амалга оширилди. Учрашувлар давомида Ҳиндистон томони Ўзбекистон билан атом энергетикасини тинч мақсадларда ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
 
Сафар давомида Ҳиндистон ҳукумати ҳузуридаги Атом энергиясини ривожлантириш департаменти тизимига кирувчи тизимлар раҳбарияти ва вакиллари билан атом энергетикаси бўйича турли йўналишларда, жумладан, кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистонда АЭС қурилиши ва лойиҳалаштириш ишлари бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатиш ҳамда ядро тиббиётини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш борасида таклифлар билдирилди. Ҳиндистон томони Ўзбекистонда миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини ҳам маълум қилди. 

Бундан ташқари, Ҳиндистондаги барча атом электр станциялари оператори – Ҳиндистон ядро энергетикаси корпорацияси вакиллари билан учрашув ўтказилиб, унда атом энергетикаси дастурларини амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама этилди. 

Ўзбекистон делегациясининг Ҳиндистонга ташриф дастури доирасида “Куданкулам” атом электр станциясига ташриф буюриш ҳамда соҳага алоқадор идоралар ва компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид