Ўзбекистонда «ёшлар» тушунчасини ўзгартириш таклиф қилинмоқда
Ўзбекистонда “ёшлар (ёш фуқаролар) тушунчасини ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз беш ёшдан ошмаган шахслар” деб ўзгартириш ҳақида таклиф берилди
“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида “ёшлар (ёш фуқаролар) тушунчасини ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз беш ёшдан ошмаган шахслар” деб ўзгартириш ҳақида петиция эълон қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида ёшлар (ёш фуқаролар) ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида бола (болалар) - ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар) ҳисобланиши келтирилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида вояга етмаган - ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс дея эътироф этилган.
“Юқоридагилардан келиб чиқиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ 14 ёшга тўлган ва 18 ёшга тўлмаган шахс – ҳам ёш, ҳам бола ва ҳам вояга етмаган шахс эканлиги келиб чиқмоқда”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.
Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида ҳомийлик - ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли ҳисобланиши белгиланган.
“Шу билан бирга, юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор имтиёзлар яратиб берилган. Улардан фойдаланиш, имтиёзли ипотека кредитлари асосида турар-жойларни сотиб олиш учун, шунингдек, ёшларнинг жамиятда ўз ўрни ва йўлини топиб олишида камида 5-7 йил сарф этилади. Шунингдек, мазкур масала юзасидан биргина Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ҳам жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, ёшлар (ёш фуқаролар) тушунчасини ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз беш ёшдан ошмаган деб белгилаш керак”, - дейилади петицияда.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг 3-моддаси учинчи хатбошидаги “ёшлар (ёш фуқаролар) - ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар” жумласини “ёшлар (ёш фуқаролар) - ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз беш ёшдан ошмаган шахслар” деб ўзгартириш таклиф қилинмоқда.
Мавзуга оид
10:03 / 02.09.2024
“Халқ назорати” портали орқали қилинган мурожаатлар сони 45 мингдан ошди
17:55 / 28.08.2024
Кўп квартирали уйларнинг бошқарувчилари судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади
21:51 / 29.07.2024
Фарғонада “Мирзо Улуғбек ворислари”га ваъда қилинган мукофот пуллари берилмади, нега?
21:39 / 26.07.2024