21:33 / 19.02.2020
0
5390

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси Озарбойжонда ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Томонлар терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон ва Озарбойжон ички ишлар вазирликларининг ўзаро маълумот алмашувининг амалдаги ҳолати ҳамда келгусида режалаштирилаётган ишларни муҳокама қилдилар.

Фото : ИИВ

19 февраль куни Боку шаҳрида Ўзбек-Озарбойжон идоралараро Мувофиқлаштирув ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ ахборот хизмати.

Тадбирда Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Тошпўлатов, Озарбойжон томонидан мамлакат ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Сейфулла Азимов раислик қилдилар.  

Йиғилишда томонлар терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон ва Озарбойжон ички ишлар вазирликларининг ўзаро маълумот алмашувининг амалдаги ҳолати ҳамда келгусида режалаштирилаётган ишларни муҳокама қилиб, тезкор-қидирув фаолияти бўйича ҳамкорликдаги вазифаларни кўриб чиқдилар. 

Мазкур тадбир якунига кўра, икки мамлакат ички ишлар органлари ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган мажлис баённомаси имзоланди.  

Ташриф давомида ўзбек делегацияси раҳбари Азиз Тошпўлатовнинг Озарбойжон ички ишлар вазири Вилает Эйвазов билан учрашуви ташкил этилди.

Учрашувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг октябрь ойида Озарбойжонга ташрифи чоғида кенг миқёсдаги, шу жумладан хавфсизликка оид эрилишган икки томонлама келишувларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбек-Озарбойжон муносабатларига тегишли масалалар кўриб чиқилди.

Учрашув жараёнида томонлар қуйидаги бир қатор йўналишларда ҳамкорликни кучайтиришни келишиб олдилар: 

  •  кибержиноятчиликка қарши курашишда тажриба алмашиш;
  •  одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш;
  •  профессионал кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  •  тезкор ҳаракатланувчи бўлинмалар ходимларининг ўзаро ўқув машғулотларини ташкиллаштириш ва бошқалар.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегациясининг Озарбойжонга ташрифи давом этмоқда. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top