Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистон тажрибасини намуна сифатида кўрсатди
Парламентлараро иттифоқ (IPU)нинг Женевада эълон қилинган 2025 йил якунлари бўйича йиллик ҳисоботида Ўзбекистоннинг парламент соҳасидаги бир қатор ташаббуслари илғор тажриба сифатида эътироф этилди. Хусусан, Тошкентда ўтказилган 150-юбилей ассамблеяси ташкилотнинг энг муҳим воқеаларидан бири сифатида қайд этилди.
Ҳисоботда таъкидланишича, 2025 йилнинг 5–9 апрел кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси Марказий Осиё тарихида мазкур нуфузли форумга илк бор мезбонлик қилган тадбир бўлди. У парламент дипломатияси ривожида янги босқични бошлаб бергани ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширгани қайд этилган.
Йиллик ҳисоботда ташкилотнинг 2025 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш, сунъий интеллектни ҳуқуқий тартибга солиш, дезинформацияга қарши курашиш, иқлим ўзгаришига оид парламент назоратини кучайтириш каби йўналишлар устувор вазифалар сифатида кўрсатилган.
Ҳужжатда Тошкент ассамблеяси юқори ташкилий даражада ўтказилгани алоҳида эътироф этилган. Шунингдек, унда иштирок этган парламент аёл аъзолари улуши 37 фоиздан ошгани ва бу 2022 йилдан буён энг юқори кўрсаткич бўлгани қайд этилган.
Ҳисоботда ассамблеянинг асосий якуний ҳужжати ҳисобланган Тошкент декларациясига ҳам алоҳида ўрин берилган. Унда парламентлар камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсатни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва сунъий интеллект каби янги технологияларни самарали ҳуқуқий тартибга солишга чақирилгани таъкидланган.
Бундан ташқари, ассамблея доирасида тақдим этилган «Парламентларда гендер тенглигига эришиш йўлидаги 10 та амалий ҳаракат» халқаро ташаббуси ҳам муҳим янгилик сифатида юқори баҳоланган.
Ҳисоботда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига бағишланган семинарлар ўтказилгани ва Олий Мажлис Сенати Парламентлараро иттифоқ қарорларини миллий ривожланиш кун тартиби билан уйғунлаштиришга қаратилган «йўл харитаси»ни қабул қилгани ҳам илғор тажрибалар қаторида қайд этилган.
Парламентлараро иттифоқ экспертлари Олий Мажлис Сенатининг ассамблея ташаббуслари ва қарорларини миллий даражада амалга оширишга қаратилган тизимли ёндашувини бошқа парламентлар учун намуна сифатида баҳолаган.
Мавзуга оид
10:15 / 17.06.2026
Ўзбекистонда 10 ёшдан катта аҳолининг қарийб барчаси мобил телефон ишлатади
23:44 / 13.06.2026
Туркияда қўлга олинган халқаро қидирувдаги икки шахс Ўзбекистонга қайтарилди
12:12 / 09.06.2026
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қисқарди
11:00 / 08.06.2026