18:46 / 20.02.2020
1
18079

«Ўзбекистонга етиб кела олмайман, деб қўрққандим» – Карантиндан кейинги фикрлар

Хитойдан қайтарилган учинчи гуруҳ ватандошлар учун ҳам карантин муддати тугади.

Хитойнинг турли шаҳарларидан олиб келинган 206 нафар ўзбекистонлик талаба учун карантин муддати 20 февраль куни тугади ва уларга жавоб берилди. Уларнинг ҳеч бирида коронавирус аломатлари аниқланмади.

Қибрай туманида жойлашган «Ўзбекгидроэнерго» АЖга қарашли «Энергетиклар сиҳатгоҳи» МЖЧда 14 кун давомида карантинда сақланган 206 нафар талабага пайшанба куни уйларига қайтишга рухсат берилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

4-6 февраль кунлари Хитойдан учта чартер рейс ташкил этилиб, жами 584 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилган эди. 18 февралда уларнинг 294 нафари, эртасига эса яна 84 нафари карантиндан чиқарилган эди.

«У ёқдалик пайтимизда, тўғриси, Ўзбекистонга етиб кела олмайман, деб қўрққандим. Чунки йўллар ёпилган, рейслар қолдирилган эди.
Худога шукр, чартер рейслар қўйилди. Шу муносабат билан биз ҳам юртга қайтиб олдик.

У ёқда эканимизда унчалик ҳам қўрққанимиз йўқ, чунки бу эпидемияга қарши туриш учун ҳамма шароитлар бор эди. Қўрққан нарсамиз – уйдагиларимиз жуда ҳам хавотир олишди. Тўғриси, вазият жуда унақа яхши бўлмаса ҳам, уйдагиларга яхши деб айтган пайтларимиз ҳам бўлди», – дейди талабалардан бири.

«Биз бугун жудаям хурсандмиз. Энди хавотирлар ортда қолди. Бизга шунақа яхши шароитларни яратиб берганларга катта раҳмат.

Тўғриси, карантинда бунақа шароитлар бўлади, деб ўйламагандим. Кунлик 3 маҳал овқат. Ҳар куни назорат. Албатта, барчамиз жуда хурсандмиз», дейди бошқа бир талаба.

 

14 кунлик муҳлат тугаганидан нафақат талабалар, балки улар билан бирга карантинда бўлган тиббиёт ходимлари, масканда ишлайдиган ошпаздан тортиб боғбонларгача хурсанд. Ходимлар ва талабалар ўз қувончларини яшириб ўтиришмади. Барчалари бирга ўйинга ҳам тушишди.

Эслатиб ўтамиз, 20 февраль ҳолатига кўра коронавирусдан вафот этганлар сони 2100дан ошди. Хитойдан ташқаридаги қурбонлар сони ўнга яқинлашмоқда. Вирус юқтириб олганлар 75 мингдан ортиқни ташкил этаётган бўлса, жами 15 минг нафарга яқин бемор соғайиб кетди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top