Жамият | 10:07 / 20.02.2020
10276
3 дақиқада ўқилади

ЙПХ инспекторига қўл кўтарган шахс қамоққа олинди

Бухорода ЙПХ инспекторига тан жароҳати етказган ва ҳодиса жойидан яширинишга уринган ҳайдовчи қамоққа олинди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

2020 йил 6 февраль куни соат 16:30ларда Бухоро вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати отряди 1-сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати катта инспектори катта сержант Васил Қурбонов тасдиқланган дислокацияга асосан Бухоро шаҳрида жойлашган “Марказий деҳқон бозори” ҳудудидан ўтган М-37 автомобиль йўлида йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича хизмат олиб борган. 

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, катта сержант Қурбонов хизматни ўташ жараёнида, Бухоро шаҳри Афросиёб кўчасидан Қизилқум кўчаси томон ҳаракатланиб келаётган, Бухоро туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган фуқаро Т.Н. бошқарувидаги “Нива” русумли автомашинани дастлаб пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган пиёдаларга йўл бермасдан ҳаракатни давом эттирганлиги, шунингдек, Афросиёб ва Қизилқум кўчалари кесишмасидаги чорраҳадан светофорнинг қизил чироғига амал қилмай бурилиб олганлиги сабабли жезл таёқчаси билан тўхтатган.

Ҳайдовчи Т.Н. автомашинани йўлнинг ўнг томон чеккасида тўхтатиб, автомашинадан тушиб қочишга ҳаракат қилган. Ҳайдовчини спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда автомашинани бошқариб келаётганликда гумон қилган катта сержант В.Қурбонов унинг ортида борган вақтда, ҳайдовчи Т.Н. мушти билан катта сержант В.Қурбоновнинг юз ва кўз соҳасига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган ва ҳодиса жойидан яширинишга уринган. Бироқ, шу ерда хизмат олиб бораётган йўл патрул хизмати ходимлари томонидан Т.Н. воқеа жойида ушланган.

Катта сержант Васил Қурбонов тиббий кўрикдан ўтказилганда унда “Юзи ўнг қисми юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, ўнг кўз олмаси контузияси бош мия чайқалиши” билан кечувчи тан жароҳатлари мавжудлиги аниқланган.

Фуқаро Т.Н. наркологик текширувдан ўтказилганда “Алкоголдан мастлик ҳолати”да эканлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро Т.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид