«ПСЖ» ҳужум чизиғи ҳақида гап кетганда, баъзида кўз олдимизга Неймар келади, баъзида Мбаппе. Икарди ва Каванидан қайси бири фойдали экани ҳақида ҳам баҳслашиш мумкин. Аммо яримҳимояга келганда, фақат бир ном атрофида тўхтаб қоламиз – Анхел Ди Мария.

Аргентиналик ярим ҳимоячи бир неча йилдан бери Париж клубининг ҳақиқий моторига айланган. Унинг учун ушбу мавсум айниқса самарали кечяпти – мавсум тугашига ҳали анча ўйинлар бўлса-да, у 8 гол урди, 13 бор шерикларига голли узатма амалга ошириб, бу борада шахсий рекордини қайд этишига яна 5 ассист қолди, холос. Биз учун футболчи ҳақида етарли маълумотдек туюладиган бу рақамлар ортида аслида нималар турганини Анхел Ди Мариянинг The Players Tribune лойиҳасига берган интервьюсидан билиб олишимиз мумкин.

Мен «Реал»дан хат олганимни ва ўқиб ҳам ўтирмасдан, йиртиб юборганимни эслайман.

Бу 2014 йилги жаҳон чемпионати финалидан бир кун олдин, эрталаб рўй берганди. Чорак финалда сондаги мушакларимдан жароҳат олгандим, лекин оғриқ қолдирувчи уколлар билан ўйнашим мумкин эди. «Нима бўлса бўлди, менга энди фарқи йўқ, ўйнашни хоҳлайман» дедим мураббийларга.

Терма жамоа шифокори Даниэл Мартинес хонага кирганида, мен оёғимга муз қўйиб ўтиргандим. Унинг қўлида конверт бор эди.

«Анхел, менга қара, сенга Мадриддан, «Реал»дан қанақадир ҳужжат келибди»

«Нима экан?», – сўрадим мен.

«Айтишларича, сен ўйнай оладиган даражада эмассан. Шунинг учун сен бугун майдонга тушишингни тақиқлашяпти».

Гап нимада эканини тушундим. Ўшанда «Реал» Хамес Родригесни қўлга киритмоқчи экани ҳақида миш-мишлар кўпайганди. Унга жой бўшатиш учун эса, мени сотишмоқчи. Шунинг учун ҳам, улар яхши пулга сотиш мумкин бўлган «маҳсулот» жароҳатини кучайтириб олишидан қўрқишарди. Шунақа. Бу - футболнинг бошқа, бизнес деб номланадиган тарафи.

Мен Даниэлдан хатни менга беришини сўрадим. Очиб ҳам ўтирмай, йиртиб юбордим ва қутига ташладим. Бу масалада ким қарор қабул қилиши керак бўлса, ўша фақат менман.

Ўша куни деярли уйқу келмади. Бразилиялик фанатлар меҳмонхона атрофида йиғилиб олиб, халақит берганликлари ҳам таъсир қилди. Аммо назаримда, агар улар бўлмаганда ҳам, ухлай олмаган бўлардим. Жаҳон чемпионати финали олдидан, бутун умр орзу қилган ҳамма нарса қаршингда, кўз ўнгингда турганида, ухлашнинг иложи йўқ.

Финалда майдонга тушишни жуда хоҳлардим, ҳатто бу менга фаолиятим якунланишига сабаб бўлса ҳам. Шу билан бирга, терма жамоамга зарар келтиришни ҳам истамасдим, албатта. Шунинг учун, уйғонишим билан, бош мураббийимиз жаноб Сабельянинг олдига бордим. У билан жуда яқин эдик ва мен агар асосий таркибда тушмоқчи эканимни айтсам, мураббийни босим остида қолдиришим мумкин эди. Шунчаки, ҳамма нарсага тайёр эканимни, ўйинда ким ўйнаши керак деб ҳисобласа, ўша футболчини тушириши кераклигини айтдим.