Ўзбекистон | 19:44 / 21.02.2020
7924
2 дақиқада ўқилади

Таълим муассасаларининг айрим жисмоний тарбия ўқитувчиларига тўғридан-тўғри малака тоифаси берилади

Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун амалий синовлар нормативлари Давлат инспекцияси, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан белгиланади.

Фото: Depositphotos

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан юқори меҳнат самарадорлигига эришаётган жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини муносиб рағбатлантиришни ташкил этиш мақсадида ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган қўшимча бандга кўра:

Таълим муассасаларининг қуйидаги жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига малака тоифаси (лавозим) тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилади:

туман (шаҳар) миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);

вилоят миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими); 

халқаро ҳамда республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1, 2 ва 3-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими).

Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун амалий синовлар нормативлари тегишлича Давлат инспекцияси, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан белгиланади.

Олий таълим муассасалари рейтингини аниқлашда спорт клуби ва секцияларига аъзо бўлиб, спорт билан мунтазам шуғулланувчи ҳамда спорт таснифига (разрядга) эга бўлган талабалар сони ҳамда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича моддий-техник базанинг ҳолати, спорт инфратузилмасининг мавжудлиги ва жиҳозланиш даражаси ҳам мезон сифатида ҳисобга олинади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид