Ўзбекистон | 20:40 / 23.02.2020
38013
2 дақиқада ўқилади

Яккасаройда кесилган дарахтлар бўйича туман прокурори ҳам жазоланди

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани прокурори Н.А.Аллабергеновга етарли прокурор назоратини ўрнатмагани учун ҳайфсан эълон қилинди.

«Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, «Юнус Ражабий» маҳалласида кўп йиллик 81та дарахтларнинг қонунга хилоф равишда кесилгани ҳолати бўйича тўпланган ҳужжатлар ўрганилиб, айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун соат 16:00да Тошкент шаҳар прокуратурасида мутасадди идоралар иштирокида мазкур ҳолат юзасидан тезкор йиғилиш ўтказилди. Тошкент шаҳар прокурорининг 23 февралдаги буйруғи билан Яккасарой туман прокурори Н.А.Аллабергеновага ўз хизмат вазифасини лозим даражада бажармай, туманда қонунлар ижроси устидан етарли прокурор назоратини ўрнатмагани учун ҳайфсан эълон қилинди», дейилади шаҳар прокуратураси баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари Яккасарой тумани, Ю.Ражабий маҳалласи ҳудудида 81 туп дарахт кесиб ташланганини аниқлади.

Бугун, 23 февраль куни Тошкент шаҳар прокуратураси «Building And Supplies» МЧЖ томонидан унга ажратилган ер майдонидаги кўп йиллик 81 туп дарахт қонунга зид равишда кесилгани оқибатида ўсимлик дунёсига 630,4 млн сўм моддий зарар етказилгани ҳақида маълум қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ҳокимлиги ва «Building And Supplies» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Дов-дарахтларни кесишга рухсатнома берган Яккасарой тумани ҳокими ўринбосари А.Саттаров жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилинган, «Building And Supplies» МЧЖ раҳбари А.Қодировга айблов эълон қилинган.

Дастлабки терговда айбланувчилардан 1 млрд. 891,3 млн. сўм ундирилган.

Мавзуга оид