22:11 / 24.02.2020
0
3629

Малайзиянинг истеъфога чиққан бош вазири вақтинча ўз лавозимида қолди

Фото: Getty Images

Малайзия қироли Абдуллоҳ Риаятуддин Ал-Мустафо истеъфога чиқишни сўраган бош вазир Маҳатҳир Муҳаммаднинг илтимосини қаноатлантирди ва шу билан бирга уни бош вазир лавозимини бажарувчи этиб тайинлади.

Аввалроқ Маҳатҳир Муҳаммад истеъфо сўраб қиролга мурожаат қилган

“Маҳатҳир Муҳаммад бош вазир лавозимида ўз мажбуриятларини вақтинчалик бажаришни давом эттиради”, дейилган хабарда. Малайзия конституциясига кўра, Маҳатҳир янги ҳукумат шакллангунгача 10 кун бу мақомда қолиши мумкин.  

94 ёшли бош вазир, шунингдек, Малайзия ўғлонлари бирлашган партияси етакчиси лавозимини тарк этган. Ушбу партия ўз навбатида «Умидлар альянси» ҳукмрон коалицияси таркибидан чиқарилган. Коалиция 2017 йилда ташкил этилган ва тўртта мухолиф партияни бирлаштирганди. Ўшанда 2018 йилги сайловларда ғалабага эришилса, Маҳатҳир фақат икки йил бош вазир бўлиши ва кейин бу лавозимни блокдаги энг йирик партия раҳбари Анвар Иброҳим эгаллаши бўйича келишув бўлган.

Бу орада альянсга кирувчи бир неча партия етакчилари Маҳатҳир Муҳаммадни қўллаб-қувватлашган. Маҳаллий сиёсатшуносларнинг баҳолашича, Муҳаммад бош вазир лавозимини сақлаб қолиш, ҳукуматни қайта шакллантириш ҳамда янги ҳукмрон альянс ташкил этиш учун зарур бўлган парламентдаги кўпчилик томондан қўллаб-қувватланиши ваъдасини олган.  

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top