Ўзбекистон | 16:45 / 24.02.2020
11247
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 150 тоннага яқин ноқонуний олма импорти тўхтатиб қолинди

Хориждан келтирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини божхонада расмийлаштириш учун санитария-эпедиомологик хулоса, карантин рухсатномаси талаб этилади ва карантин кўригидан ўтказилади.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Акс ҳолда четдан келтирилган ва тегишли кўрикдан ўтказилмаган қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари одамлар саломатлигига, республика ўсимликлар оламига зиён етказиши мумкин, деб ёзади Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Яқинда республикамизга қўшни давлатдан импорт қилинган салкам 148 тонна олмаларни «Тошкент-товар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида божхона кўригидан ўтказиш давомида навбатдаги қонунбузилиш фош этилди.

Аниқланишича, бу олмаларнинг экспорт божхона декларацияси йўқ, товарнинг келиб чиқиш сертификати эса шубҳали.

Қўшни давлатдан келтирилган олмалар аслида ўша мамлакатда эмас, балки Эронда етиштирилгани аниқланди.

Муқаддам юртимиздан транзит тарзида чегарадош давлатга олиб ўтилган ушбу меваларни сўнгра гўёки қўшни мамлакатнинг товари сифатида қайта олиб кириш режалаштирилган.

Бу орқали юк эгалари божхона тўловларидан 657 млн. сўмлик имтиёзларни қўлга киритмоқчи бўлишган.

Тўхтатиб қолинган олмаларнинг умумий қиймати 1 млрд. 249 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

2,6 тонна анорни яширинча олиб чиқиш режаси фош бўлди

«Даут-ота» чегара божхона пости орқали Қозоғистонга чиқиб кетаётган «Mercedes Benz» русумли автотранспорт воситаси автотарозида ўлчанганида йўл юк ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча оғирликка эгалиги божхона ходимларида шубҳа уйғотди ва бу автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилди.

Кўрик натижасида, йўл юк ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча 2,6 тонна анор ҳеч қандай ҳужжатларсиз ноқонуний равишда Ўзбекистондан олиб чиқилаётгани аниқланди.

Мазкур қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий қиймати салкам 40 миллион сўмни ташкил қилмоқда.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид