Жамият | 17:19 / 24.02.2020
8179
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда дорихона сотувчиси ва яна икки фуқарога пичоқ билан жароҳат етказган шахслар ушланди

Дорихона сотувчисига ўткир тиғли жисм билан етти маротаба, шунингдек, дорихона ичкарисида бўлган икки фуқарога турли кўринишда тан жароҳати етказилди

Фото: Миллий гвардия

Жорий йилнинг 22 февраль куни тунги соат 02:35да Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 2-мавзеда жойлашган дорихонадан Миллий гвардия қўриқлаш хизмати Мониторинг марказига «ташвиш» хабари келиб тушган.

МГ хабарида айтилишича, ташвиш хабарига кўра Чилонзор тумани бўйича тезкор гуруҳ ходимлари воқеа жойига етиб боришган. Дорихона олдида жанжаллашаётган номаълум шахслар ходимларни кўриб қочишган, аммо улардан бири воқеа жойида қўлга олинган.

Дорихонада жароҳат олган фуқароларга тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, уларга ёрдам кўрсатилган ҳамда қўлга олинган гумонланувчи туман ИИО ФМБга топширилган.

Кўп вақт ўтмай қолган 3 нафар тартиббузар ҳам Чилонзор тумани ИИБ ФМБ ходимлари томонидан ушлаб келинган.

Аниқланишича, шу куни тунги соат 02:20ларда 4 нафар номаълум шахс дорихонага кириб келган ва сотувчига қўпол муносабатда бўлиб, ўзаро келишмовчилик юзага келган. Жанжаллашиш оқибатида номаълум шахслардан бири ўткир тиғли жисм билан дорихона сотувчиси фуқаро Н.А. танасининг турли қисмларига 7 маротаба, шунингдек, дорихона ичкарисида (сотувчининг қариндошлари) бўлган фуқаро М.Ш. ва Н.А.га турли кўринишдаги тан жароҳати етказишган.

Дастлабки суриштирув ишлари натижасида қўлга олинган номаълум шахслар Чилонзор туманида истиқомат қилувчи, 1982 йилда туғилган, вақтинча ишсиз С.Р, 1983 йилда туғилган, вақтинча ишсиз П.Ш., 1988 йилда туғилган, вақтинча ишсиз М.А., 1984 йилда туғилган, вақтинча ишсиз, муқаддам судланган А.А. эканлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Мавзуга оид