Жамият | 11:00 / 25.02.2020
9274
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд аҳолиси қанчага ўсди? Статистика бошқармаси демографик маълумотларни эълон қилди

Фото: Самарқанд вилояти статистика бошқармаси ахборот хизмати

Самарқанд вилоят статистика бошқармаси вилоятдаги туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажралиш, оилаларнинг демографик хусусиятларига доир маълумотлар таҳлилини тақдим этди. Унга кўра, вилоятда ўтган бир йилда салкам 102 минг бола туғилган.

Қатор мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам демографик кўрсаткичларга хос барча маьлумотлар статистика органлари томонидан ўрганилади. Қайд этилишича, кўрсаткичларнинг энг муҳими, доимий аҳоли сонидир. Самарқанд вилоятида 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, доимий аҳоли сони 3 миллион 878 минг кишини ташкил этди. 2020 йил бошидан вилоят аҳолиси 79,1 минг кишига ёки 1,2 фоизга ўсган.

Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 1 миллион 438,3 минг кишини ташкил этади, бу жами вилоят аҳолисининг 37,1 фоизи. Қишлоқ аҳолиси сони 2 миллион 439,7 минг кишини (62,9 фоиз) ташкил этмоқда. Демографик кўрсаткичлар вилоят ҳудудлари кесимида ўрганилса, 2020 йил 1 январь ҳолатига энг кўп аҳоли сони Самарқанд шаҳрида — 14,1 фоиз, кейинги ўринларда Ургут (13,1 фоиз), Пастдарғом (9,1 фоиз) ва Каттақўрғон туманлари (7 фоиз) банд этган.

Демографик ҳолатни аниқлашнинг асосий кўрсаткичлари табиий туғилиш ва ўлим ҳолатлари ўртасидаги фарқ билан аниқланади. 2019 йилнинг январь-декабрь ойларида Самарқанд вилоятида 101198 бола туғилгани қайд этилган (тирик туғилганлар). Мос равишда, 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 26,4 промиллени ташкил этган. Бу 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 промиллега зиёддир.

Шундан 2019 йилнинг январь-декабрь ойларида 16 502 кишининг ўлими қайд этилган. Бу рақам 2018 йилги кўрсаткич билан солиштирганда 241 кишига кўпайган. 

Вилоят статистика бошқармаси фуқаролар вафот этиши билан боғлиқ сабабларни ҳам келтирмоқда.

Маълумотга кўра, вафот этганларнинг 61,5 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 8,2 фоизи - ўсимталардан, 5,6 фоизи - овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 3,7 фоизи - нафас олиш аъзолари касалликларидан, 6,5 фоизи - бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 1,3 фоизи - юқумли ва паразитар касалликлардан ҳамда 13,2 фоизи - бошқа касалликлардан вафот этган.

Рўйхатга олинган 1 ёшгача вафот этган болалар сони 714 нафарни ташкил этиб, уларнинг 64,1 фоизи - перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 15,3 фоизи - нафас олиш аъзолари касалликларидан, 11,8 фоизи - туғма аномалиялардан, 2,5 фоизи - бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 1,5 фоизи - юқумли ва паразитар касалликлардан, 1 фоизи - овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан ва 3,8 фоизи - бошқа касалликлардан вафот этган.

Миграция, никоҳ ва ажримлар

Мамлакатнинг ижтимоий– иқтисодий кўрсаткичларига ўз таъсирини кўрсатадиган яна бир демографик ҳолат — миграциядир. Айнан у доимий аҳоли сонини аниқлашда асос бўлиб, хизмат қила олади. Самарқанд вилоятига 2019 йил давомида кўчиб келганлар сони 7 963 кишини, худди шу вақтда кўчиб кетганлар 13 595 кишини ташкил этди. 

2019 йил давомида Самарқанд ФҲДЁ бўлимлари томонидан 36 159 киши никоҳи қайд этилган. Шундан 3 468 кишининг ажрими кузатилган. 1000 аҳолига нисбатан никоҳ тузиш коэффициенти 9,4 промиллени ва шундан ажралиш коэффициенти 0,9 промиллени ташкил этган.

Самарқанд вилояти статистика бошқармаси ахборот хизмати

Мавзуга оид