Ўзбекистон | 09:40 / 25.02.2020
5991
3 дақиқада ўқилади

Судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қандай ҳолларда қўлланилиши аниқ белгиланади

Судьяга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёхуд одам ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик учун айб эълон қилинган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

«Судлар тўғрисида»ги қонун 70-моддасига киритилаётган ўзгартишга кўра, судьяларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида уларга тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича ўқотар қурол берилади. Зарур ҳолларда тегишли суд раисининг қарорига биноан ички ишлар органи судья ва унинг оиласи учун қуролли соқчилар ажратади.

Шунингдек, судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёхуд одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик учун айб эълон қилинган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Мазкур қоида судья сифатида ишлаши даврида бундай жиноятни содир этганликда айбланаётган собиқ судьяга  нисбатан ҳам қўлланилади.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонуни 28-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилади:

«Судьялар орасидан сайланган Кенгаш аъзосига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёхуд одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби эълон қилинган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Мазкур қоида Кенгаш аъзоси сифатида ишлаши даврида бундай жиноятни содир этганликда айбланаётган Кенгашнинг собиқ аъзосига нисбатан ҳам қўлланилади».
 
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги конституциявий қонуннинг 21-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилади:

«Конституциявий суднинг судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёхуд одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби эълон қилинган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Мазкур Конституциявий суднинг судьяси  сифатида ишлаши даврида бундай жиноятни содир этганликда айбланаётган Конституциявий суднинг собиқ судьясига нисбатан ҳам қўлланилади».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид