Ўзбекистон | 22:42 / 25.02.2020
35842
3 дақиқада ўқилади

Янги молия вазири ва унинг биринчи ўринбосари тайинланди

Тимур Аминжанович Ишметов 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазири лавозимига тасдиқланди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

25 февраль куни эълон қилинган президент фармонига асосан, Ишметов Иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимига ўтказилган Жамшид Қўчқоровнинг ўрнини эгаллади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан Kun.uz`га маълум қилишларича, Тимур Ишметов номзодини вазир сифатида тасдиқлаш масаласи палатанинг 24 февралдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилган ва таклиф маъқулланган.

Тимур Аминжанович 2019 йил майидан буён Молия вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди. Бунга қадар эса 2 йил давомида Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Тимур Ишметов 1979 йилда Тошкентда туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институтининг «Молия ва кредит» факультети, 2005 йилда Бирмингем университетининг International Money and Banking йўналишида магистратура босқичини, 2007 йилда -Тошкент юридик университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Марказий банк иқтисодчиси лавозимидан бошлаган. 2017 йил апрелигача турли лавозимларда фаолият кўрсатган. Жумладан, турли вақтларда МБнинг Монетар операциялар департаменти, Халқаро резервларни бошқариш департаменти, Ички валюта бозоридаги операциялар ва Валюта бошқаруви ва назорати департаментига раҳбарлик қилган, 2017-2019 йилларда Марказий банк раиси ўринбосари бўлган.

Ишметовнинг ўрнига, Молия вазирининг биринчи ўринбосари этиб Омонулло Забихуллаевич Насриддинхўжаев тайинланди.

Фото: Омонулла Насритдинхўжаев / Facebook

Насриддинхўжаев шу вақтгача президентининг иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, инвестициялар ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш бўйича маслаҳатчиси ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

У 1971 йилда Тошкент шаҳрида туғилган,  миллати ўзбек, маълумоти олий. 1994 йилда Тошкент Давлат университетини, 2002 йилда Италиядаги «SDA Bocconi» менежмент мактабини тамомлаган, шунингдек, 2016 йилда Ҳарвард Бизнес мактаби илғор менежмент дастурини тамомлаган. У турли йилларда Алишер Усмонов бошқарувидаги USM Holdings таркибидаги компанияларда фаолият кўрсатган. 

Маълумот ўрнида, молия тизимида вазирнинг 7та ўринбосари лавозими бор. Уларда Аҳадбек Ҳайдаров, Ёрқин Турсунов, Шохруҳ Шораҳмедов, Дилшод Султонов, Одилбек Исоқов, Абдимухтор Эргашев, Ғолиб Холжигитов фаолият юритиб келмоқда.

Мавзуга оид