Ўзбекистон | 10:25 / 26.02.2020
11610
6 дақиқада ўқилади

Иқтисодиётда давлатнинг иштироки янада қисқартирилади. Президент фармони лойиҳаси эълон қилинди

Иқтисодиётда давлатнинг иштирокини янада қисқартириш, давлат иштирокидаги корхоналарни тубдан ислоҳ қилиш ва улар фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари қабул қилинади

Фото: Shutterstock

Президентнинг “Иқтисодиётда давлатнинг иштирокини янада қисқартириш, давлат иштирокидаги корхоналарни тубдан ислоҳ қилиш ва улар фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш самарадорлиги етарли даражада эмаслиги ҳолатида уларнинг сони юқорилигича қолмоқда.

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг экспорт салоҳияти ва ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси билан бир қаторда ишлаб чиқариладиган маҳсулоти (кўрсатиладиган хизматлари) сифати паст даражада қолмоқда, энергия тежайдиган ускуналарни жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаганлиги соҳага инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилган ҳолда маҳсулотнинг таннархини юқори бўлишига ва корхоналарнинг рақобатбардошлигини пасайишига олиб келмоқда.

Ҳужжатда айтилишича, бош вазир, унинг ўринбосарлари ва президент маслаҳатчилари бошчилигида иқтисодиёт соҳалари кесимида давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар томонидан давлат иштирокидаги ҳар бир корхона хатловдан ўтказилган ва ўрганиб чиқилган.

Иқтисодиётда давлат иштирокидаги корхоналар улушини қисқартириш, уларни ислоҳ қилиш ва самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

хусусий сектор муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ва рақобат ривожланган соҳаларда, хусусан, бозорлар ва савдо комплекслари, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноатида, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳасида давлат акция пакетларини (улушларини) сотиш орқали давлат иштирокини чеклаш ва “Сариқ саҳифалар қоидаси” тамойилини жорий этиш;

йирик корхоналарни сотишдан олдин тайёрлаш ва хусусийлаштириш жараёнларига маҳаллий ва хорижий консультантларни, инвестиция воситачиларини жалб этиш;

хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини оптималлаштириш, тизимлаштириш ва унификация қилиш ҳисобига тўғридан-тўғри амал қиладиган ягона қонунга жамлашни назарда тутувчи хусусийлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, шунингдек IPO ва SPO ўтказиш амалиётини кенгайтириш;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг бўш турган объектлари ва соҳага оид бўлмаган активларидан уларни хусусий секторга бериш йўли билан самарали фойдаланиш;

транспорт, коммунал хўжалиги, йўл қурилиши, энергетика, таълим ва ижтимоий соҳа корхоналарида давлат-хусусий шериклик тамойилларини кенг қўллаш;

давлат иштирокидаги корхоналарни фақат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, давлат хавфсизлиги ва манфаатларини таъминлаш мақсадида сақлаш;

корхоналарни тўлиқ бозор шароитларига ўтишини таъминлаш, уларнинг фаолиятига корпоратив бошқарув тамойилларини татбиқ этиш;

ижроия органи фаолиятини самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (KPI – Key Performance Indicators) асосида, кузатув кенгаши фаолиятини эса - корпоратив бошқарув тамойиллари жорий этилиши даражасига қараб баҳолашга ўтиш;

давлат иштирокидаги корхоналар раҳбар ходимларини замонавий менежмент соҳасида қайта тайёрлаш ва профессионал малакасини ошириш тизимини тубдан ўзгартириш, илғор хорижий тажриба ва хорижий таълим муассасалари билан корпоратив бошқарув ва капитал бозори соҳасида ҳамкорлик асосида аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш.

Халқаро молия институтлари экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган, қуйидагиларни назарда тутувчи, 2020-2025 йилларда Ўзбекистоннинг давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш, уларни бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегияси тасдиқланади:

давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш ва уларни давлат тасарруфида сақлаб қолишнинг мезонлари;

 

давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан давлатнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболли мақсадларини аниқлаш;

давлат ва нодавлат корхоналарга тенг шароитлар яратиш, мулкдор ва тартибга солувчи функцияларни ажратиш;

давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш, улар фаолиятининг очиқлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг бошқарув ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш.

Бош вазир (Арипов):

2020 йил 1 сентябрга қадар халқаро молия институтлари ва эксперт ҳамжамиятларини жалб этган ҳолда Стратегияни амалга ошириш бўйича Амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни;

2020 йил 1 майга қадар Лойиҳа офисларини ташкил қилишни назарда тутган ҳолда, давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлашни таъминласин.

Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат иштирокидаги корхоналарда дивиденд сиёсатини олиб бориш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланади.

Белгилаб қўйилишича, давлат улуши бўйича тушадиган дивидендларнинг 5 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфида қолдирилади ва Бизнес ва корпоратив бошқарув олий мактаби фаолиятини молиялаштиришга ҳам йўналтирилади.

Ислоҳ қилинадиган давлат иштирокидаги корхоналар

РЎЙХАТИ

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

2021 йилдан бошлаб Олий Мажлис томонидан Агентликнинг давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти натижадорлиги ва Стратегияни амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботини ҳар йили эшитиш амалиёти жорий этилади;

давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ҳамда уларнинг хўжалик жамиятлари устав капиталида иштирок этиши фақатгина президент қарорига асосан Стратегия талабларига мос келган тақдирда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ижобий хулосасига асосан амалга оширилади;

давлат иштирокидаги корхоналар лицензияланадиган фаолият турларини тегишли лицензияларни олгандан сўнг амалга оширадилар.

Агентликнинг қуйидаги таклифлари қабул қилинади:

Агентлик фаолиятини замонавий ёндашув ва услублар асосида ташкиллаштиришга кўмаклашиш учун маҳаллий ва халқаро мутахассислар жалб қилган ҳолда Эксперт кенгашини ташкил қилиш;

Агентлик фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида турли соҳалар вакилларидан иборат Жамоат Коллегияси фаолиятини ташкил этиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид