Ўзбекистон | 08:20 / 26.02.2020
8083
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 1225та намуна коронавирус инфекциясига текширилди. Уларда инфекция аниқланмади

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирус инфекциясига қарши марказий штаби 25 февраль ҳолатига кўра маълумотни эълон қилди.

Фото: REUTERS / cnsphoto

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2020 йилнинг 25 феврал куни олинган расмий маълумотларга кўра, дунё бўйича 80 147 нафар, Хитой Халқ Республикасида 77 779 нафар шахслар коронавирус “COVID-19” инфекцияси билан касалланиб, кунлик ўсиш 517 нафарни (0.7 фоиз) ташкил этмоқда.

Касалланганларнинг 9 126 нафари оғир аҳволда бўлиб, 2 666 нафари ушбу касалликдан вафот этган. Касаллик Хитой Халқ Республикасидан ташқари дунёнинг 36 та давлатида 2368 нафар фуқарода қайд этилиб, 29 нафар фуқаро вафот этган. Ж.Корея давлатида 977 нафар фуқаро коронавирус “COVID-19” инфекцияси билан касалланиб, улардан 10 нафари вафот этган. Италия давлатида 230 та касалланиш ҳолати рўйхатга олиниб, улардан 7 нафари вафот этган. Эрон Ислом Республикасида 61 нафар фуқаро касаллик билан касалланиб, 12 нафари вафот этган. Афғонистон Ислом Республикасида 1 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Жорий йилнинг 24 февраль куни Тошкент халқаро аэропортига хорижий давлатлардан 32 та рейс орқали 4 430 нафар, темир йўллар орқали 3 та поездда жами 603 нафар шахслар, шунингдек, давлат чегара божхона постлари орқали 1 815 та автотранспортларнинг эгалари ва 31 324 нафар йўловчи шахслар термометриядан ўтказилган, шулардан 35 нафари Хитой Халқ Республикаси фуқаролари ҳамда 4 нафари Хитойда бўлиб, қайтаётган Ўзбекистон фуқаролари.

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирлари давомида эпидемиологик кўрсатмага асосан жорий йилнинг 25 февралига қадар жами 1 225 та намуна коронавирус инфекциясига текширилди ва коронавирус инфекцияси аниқланмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби маълум қилишича, жорий йилнинг 25 феврал ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллиги қайд этилмади.

Мамлакат аҳолиси ўртасида коронавирус инфексияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид