Ўзбекистон | 09:26 / 28.02.2020
1818
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги ўсимлик турларини сақлаш мақсадида Миллий генбанк яратилади

Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази томонидан кўрсатиладиган хизматларни такомиллаштириш, янги ўсимлик турларини сақлаш мақсадида Миллий генбанкни яратиш мўлжалланмоқда

Президентнинг “Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази томонидан кўрсатиладиган хизматларни такомиллаштириш, янги ўсимлик турларини сақлаш мақсадида Миллий генбанкни яратиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш хизматларини такомиллаштириш тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

қишлоқ хўжалиги экинлари, мевали ва манзарали кўчатларнинг навлари ва дурагайлари синови соҳасида кўрсатиладиган хизматларни такомиллаштириш, синовларни хорижий андозалар даражасига кўтариш;

қишлоқ хўжалиги экинлари селекция ютуқларининг патентга лаёқатлилигини экспертизадан ўтказишни ривожлантириш;

қишлоқ хўжалиги экинлари навлари синовининг ресурстежамкор ва инновацион технологиялар асосида ўтказилишини босқичма-босқич жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги экинлари навлари сифат таҳлилларини ўтказувчи лабораторияларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш станциялари ва участкаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш станциялари ва участкаларига ажратилган ер ресурсларидан самарали фойдаланиш;

соҳани малакали кадрлар билан бутлаш ҳамда ходимларга шарт-шароитлар яратиш ва моддий рағбатлантириш, ушбу соҳада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.

Қуйидагилар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

маҳаллий ва хорижий мамлакатларда яратилган қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навлари ва дурагайлари бўйича синов ишларини амалга ошириш;

қишлоқ хўжалиги экинлари янги навлари бўйича селекция ютуқларининг патентга лаёқатлилигини экспертизадан ўтказиш;

Ўзбекистон ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрини юритиш;

қишлоқ хўжалиги экинлари навлари синовини ўтказиш ишларини услубий таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг синовини ва селекция ютуқларининг патентга лаёқатлилигини экспертизадан ўтказиш борасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш;

қишлоқ хўжалиги экинлари навлари синовини ва селекция ютуқларининг патентга лаёқатлилигини экспертизадан ўтказиш тизимида кадрлар малакасини ошириш.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази қошида Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтининг негизида Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш;

Институтнинг ноёб илмий объекти “Қишлоқ хўжалиги экинлари генетик ресурслари Генбанки”ни миллий аҳамиятга эга генбанк деб тан олиш ва унга “Қишлоқ хўжалиги экинлари генетик ресурслари Миллий генбанки” мақомини бериш;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасаларида экин турлари бўйича сақланаётган коллекциялар “экин турлари ишчи ёки селекцион коллекциялари” деб тан олиниши тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Институт ходимлари умумий чекланган сонини қайта тақсимлаш чораларини кўради.

Белгиланишича:

Марказ директори Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, шунингдек, мақоми, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

Марказ ходимларига Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади;

Марказ Ўзбекистоннинг Давлат бюджети ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

ўрмон фонди табиий ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда барча районлаштирилган манзарали, доривор, техник ва озуқабоп ўсимликларнинг рўйхати Ўзбекистон ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрида юритилади;

юридик ва жисмоний шахсларнинг талабига асосан, қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий ва хорижий навлари фарқланиши, турдошлиги ва барқарорлиги бўйича синовлар ўтказиб бориш ва натижаси юзасидан Марказ томонидан хулосалар тақдим қилинади;

генетик модификация организмлари (ГМО) бўлган ёки генетик муҳандислик йўли билан яратилган ўсимликларнинг навларини тезкор таҳлилини ўтказиш ва рўйхатини шакллантириш, шунингдек, истеъмолчилар талаби асосида хабардор қилиш Марказ томонидан амалга оширилади;

Ўзбекистон ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритилган, патентланган ҳамда Марказ томонидан эталон ва андоза (стандарт) нав сифатида танланган навлар Миллий генбанкка ўрнатилган тартибда белгиланган миқдорларда тақдим этиш қишлоқ хўжалиги экинлари навлари оригинаторлари, авторлари ва уларни импорт қилувчи субъектлар зиммасига юклатилади;

Институт республикада қишлоқ хўжалиги экинлари жаҳон генофондини сақлаш, бойитиш, ўрганиш ва ундан самарали фойдаланиш соҳасидаги ягона давлат илмий муассасаси ҳисобланади.

Институт:

Миллий генбанкни самарали бошқариш ва қишлоқ хўжалиги экинлари генефондидан ишлаб чиқариш ва селекцияда самарали фойдаланиш, уруғларни ўрта ва узоқ муддатларда кафолатли сақлашни таъминлаш бўйича Бирлашган Миллатларнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилоти (ФАО) комиссияси томонидан ўсимликлар генетик ресурслари генбанклари учун ишлаб чиқилган стандартларга тўла риоя қилинишини;

республика қишлоқ хўжалиги экинлари генофондини бойитиш, экин турларини систематикаси (қардошлик муносабатлари) ва филогенияси (организмларнинг ривожланиш жараёни) бўйича фундаментал изланишлар олиб бориш ҳамда селекцияда бирламчи материалларни танлаб олиш самарасини ошириш мақсадида маҳаллий навларни йиғиш бўйича республика ва қўшни давлатларига мунтазам равишда илмий экспедициялар ташкил этилишини таъминлайди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент вилоят ҳокимлигининг Институт Миллий генбанки фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалиги экинлари генетик ресурсларини сақлаш шароитларини яхшилаш учун янги замонавий ва халқаро талабларга жавоб берадиган бинони институт ҳудудида халқаро молия институтларининг имтиёзли ресурслари ва грант маблағларини жалб этиш ҳисобидан қуриш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда нав синаш станция ва участкалари учун ҳар беш йилда тупроқнинг ҳайдалма ва ҳайдов ости қатламларидаги гумус, умумий азот, фосфор, калий ва уларнинг ҳаракатчан шакллари миқдорларини аниқлаш ҳамда агрокимёвий картограммаларини тақдим этиб борилишини йўлга қўяди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси:

нав синаш станциялари ва участкаларининг ер майдонларини солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига киритиш;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг лабораториялари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган лаборатория жиҳозлари, приборлар, реагентлар, бутловчи қисмлар, сарфлаш материаллари, дастурий таъминотлар ва техник воситалар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Марказ ва унинг тизимидаги нав синаш станциялари, участкалари ҳамда лабораторияларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, шунингдек, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланишига розилик берилади:

қишлоқ хўжалиги экинлари янги навлари бўйича селекция ютуқларининг патент божлари ва тўловлари;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг синовини ўтказиш ҳамда генетик модификация организмлари (ГМО) бўлган ёки генетик муҳандислик йўли билан яратилган ўсимликларнинг навлари таҳлилини ўтказиш бўйича кўрсатилган хизматлардан олинадиган даромадлар;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари учун белгиланган тартибда тўланадиган устама ҳақлардан олинадиган ўтказмалар ҳамда лицензия бўйича олинадиган роялти схемаларига асосан тушумлар;

Марказ таркибига кирувчи нав синаш станциялари ва участкалари тушумининг 2 фоизли ажратмалари;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш бўйича босма ахборот материалларини реализация қилишдан тушадиган тушумлар;

Марказнинг бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий ташкилотларнинг грантлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид