Жаҳон | 09:22 / 01.03.2020
4423
2 дақиқада ўқилади

Малайзияда янги бош вазир тайинланди

Малайзия ўғлонлари бирлашган партияси президенти Муҳиддин Яссин Малайзиянинг янги бош вазири бўлди. Мамлакатнинг олий ҳукмдори (қирол) Абдуллоҳ Риаятуддин Ал-Мустафо Биллаҳ 72 ёшли сиёсатчини Истана негара саройида қасамёдга келтирди. 

Фото: AFP 2020 / Mohd Rasfan

Мамлакат бош вазири лавозими 24 февалда Маҳатҳир Муҳаммад истеъфога кетишини эълон қилгандан кейин эгасиз бўлиб қолаётганди. Қирол 94 ёшли Маҳатҳирнинг илтимосини қаноатлантириб, уни вақтинча бош вазир этиб тайинлаганди. Шунингдек, қирол мамлакат тарихида биринчи марта парламент қуйи палатасининг ҳар бир депутати, партия ва фракциялар етакчилари билан алоҳида учрашувлар ўтказган. Қироллик саройи баёнотида маълум қилинишича, “маслаҳатлашувлар натижаларига кўра, Муҳиддин кўпчилик депутатлар томонидан қўллаб-қувватланиши аён бўлган” ва шу сабабли уни бош вазир этиб тайинлашга қарор қилинган.        

Бироқ собиқ бош вазир Маҳатҳир депутатларнинг аксарияти Муҳиддин Яссинни бош вазир лавозимида қўллаб-қувватламасликларини маълум қилди. 

“Олий ҳукмдорнинг Муҳиддинни бу лавозимга тайинлаш қарори таажжублидир, чунки у кўпчиликнинг қўллаб-қувватловига эга эмас. Олий ҳукмдор бор ҳақиқатни айтиш учун мен билан учрашмоқчи эмас”, деб Маҳатҳир айтган сўзларни келтириб ўтган The Star нашри. Собиқ бош вазирнинг таъкидлашича, кейинги қадам парламент чақириғини ўтказиб, унда янги бош вазирга ишонч билдириш масаласи кўтарилиши бўлади. 

Маҳатҳирнинг айтишича, айни вақтда мамлакатда “сайловларда юқазганлар ҳукуматни шакллантириб, парламентдаги кўпчилик эса мухолифатга кетишга мажбур бўлаётган ғайриоддий вазият юзага келди”.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид