Жаҳон | 19:08 / 01.03.2020
8123
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Туркия билан чегарада тайёргарликнинг юқори даражасини эълон қилди

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакат қочқинларнинг янги оқимига ёлғиз бардош бера олмаслигини ва Туркия улар учун ЕИ чегараларини очиб юборишини маълум қилганди.

Фото: REUTERS / Huseyin Aldemir

ЕИнинг ташқи чегаралар назорати бўйича Frontex агентлиги Туркиядан қочқинларлар оқими кучайгани сабабли Евроҳамжамият чегараларини ҳимоя қилиш бўйича тайёргарликни юқори даражага кўтарди.

"Биз вазиятни диққат билан кузатиб турибмиз ва Туркия билан барча чегаралардаги тайёргарликни юқори даражага кўтардик", - деди агентлик матбуот хизмати вакили Изабелла Купер. 

Қайд этилишича, агентлик Греция ва Болгарияда мунтазам операция ўтказади. 

"Энг йирик операция Греция оролларида ўтказилади, у ерда 400 нафарга яқин кишимиз бор, Болгарияда 60 нафар офицер ва қуруқликдаги Греция-Туркия чегарасидаги Еврос ҳудудида ҳам ходимларимиз бор", - деди Купер.

Бундан аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакат қочқинларнинг янги оқимига ёлғиз бардош бера олмаслигини ва Туркия улар учун ЕИ чегараларини очиб юборишини маълум қилганди

Анқара Суриянинг Идлиб вилоятидаги сўнгги воқеалардан кейин суриялик қочқинларнинг Европа томон ҳаракатини тўхтатиб бўлмай қолганини маълум қилган. Аслида Туркия ва ЕИ ўртасидаги 2016 йилги келишувга мувофиқ, молиявий ва гуманитар ёрдам эвазига Туркия уларни ўтказмаслиги кўзда тутилган.

1 март ҳолатига кўра, Туркия орқали Европага томон йўлга тушган қочқинлар сони 76 минг 358 нафарни ташкил этмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид