Жамият | 19:45 / 02.03.2020
44481
14 дақиқада ўқилади

Бир туманни 12 йил бошқарган Манзура Эгамова – ҳокимлик ташвишлари, мустақилликнинг илк йиллари ва «разборщиклар» ҳақида

Ўзбекистонликлар ҳоким деганда албатта эркак кишини кўз олдига келтиришади. Бир аёлнинг ўн йилдан ортиқроқ ҳоким бўлиб ишлашини айниқса янги авлод вакиллари тасаввур қила олмайди... Бугунги суҳбатдошимиз Манзурахон Эгамова – Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманини 12 йил бошқарган.

Фото : KUN.UZ

Мустақилликнинг илк йилларида Шакаржон Хўжаниёзова – Хоразм вилояти Боғот тумани, Раҳимахон Ҳакимова – Самарқанд вилояти Самарқанд тумани, Тоҳирахон Маризаева – Наманган вилояти Косонсой туманида ҳокими сифатида иш олиб борган.

Президент академияси тингловчилари, 1996 йил. Ўртадаги икки аёл – Манзурахон Эгамова (ўнгда) Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ҳокими; Шакаржон Хўжаниёзова (чапда) – Хоразм вилояти Боғот тумани ҳокими бўлган.
Фото: Манзурахон Эгамова архиви / Kun.uz
Тоҳирахон Маризаева (ўнгда) Косонсой тумани ҳокими бўлган.
Фото: Манзурахон Эгамова архиви / Kun.uz

Шундан сўнг кўп вақт давомида туманларнинг биринчи раҳбари сифатида аёллар иш олиб бормади.

Шу йилнинг февраль ойига келиб, аёллар ҳокимлик лавозимига қайта бошлашди. Сирдарё вилояти Боёвут туманида Дилфуза Уралова, Бухоро вилояти Олот туманида Наргиза Неъматова туман ҳокими сифатида иш бошлади.

Нозик ҳилқат вакилалари учун масъулиятли вазифада ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида суҳбатлашиш учун Жалақудуқ туманига бориб, Манзурахон ая билан суҳбатлашдик.

Маълумот учун, Манзурахон Эгамова туман ҳокими бўлгунига қадар 1971 йилдан турли соҳаларда – пахтачилик бригадаси бошлиғи, колхоз касаба қўмитаси раиси, колхоз агрономи, Бўз тумани ижроия қўмитаси раиси, Жалақудуқ туман идеология бўлими котиби, Жалақудуқ тумани ижроия қўмитаси раиси, Жалақудуқ тумани ҳокимининг 1-ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1993 йил 17 январдан то 2005 йил 19 майгача Жалақудуқ тумани ҳокими бўлиб ишлаган.

2005 йил 19 майдан 2008 йилгача Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлган.

69 ёшли Манзурахон ая Эгамова суҳбат давомида касбий фаолияти, мустақилликнинг илк йилларидаги қийинчиликлар, аёл киши учун раҳбарлик ва оилани тенг олиб боришда яқинларнинг ўрни ҳақида гапирди.

«Бригада бошлиғи бўлганимда Шароф Рашидов даламга келган»

– Аввало, ёшлигимдан менда раҳбарликка интилиш бор эди. Ёшлик пайтимизда андижонлик Турсуной Каримова СССР Олий Совети депутати эди. Ўша кишига ҳавас қилганман.

Мактабни битириб, олийгоҳга сиртдан ўқишга кирдим, турмуш қурдим. Колхозимизда Ўғилхон опа Тешаева деган раис бўлган. 1971 йил опа мени чақириб, «комсомол ёшлар бригадасининг раҳбари бўласан», деганида жуда қувониб кетганман. 160 гектар майдонга бригада бошлиғи бўлдим.

1972 йили октябрь ойида қўққис қор ёғиб, пахтани қор босиб қолди. Шунда табиий офат туфайли Андижонга Шароф Рашидов ташриф буюриб, бизнинг туманга ва айнан бизни бригадамизга келган.

Ўша пайтда «Тошкент» навларининг ғўзаси баланд бўлиб, қор босиб қолган ниҳолларнинг учи озгина кўриниб турар, қолган қисмини қор босиб қолган эди. Раҳматли Шароф Рашидов: «Қизим, нима бўлди?», – деб сўради. Мен эса «Пахталаримнинг ҳосили яхши бўлганди, 40 центнерни кўзлагандик. Лекин, афсус қор босиб қолди», деб йиғлаб юборганман. Шунда у киши, «Қизим, йиғлама, ҳали бу қорлар уч кунда эрийди. Ўша, 40 центнер ҳосилни ҳали оласан» деган эдилар.

Шароф Рашидов билан учрашгандан кейин, менда раҳбар бўлиш ҳиссиёти янада ошган. 1986 йили Олий партия мактабига ўқишга кердим. 4 фарзанд билан ўқиганман.

Бир йил ўтиб, мени Бўз туманига ижроқўм раислигига чақириб олишди.   Сўнг Жалақудуқда идеология секретари, район ижроқўми раиси, кенгаш тузилганда эса раис бўлдим. Сўнг ҳокимнинг биринчи ўринбосари этиб тайинлашди. 1992 йил 17 январдан 2005 йил 19 майгача ҳоким бўлиб ишладим».

«Одамларимиз мустақилликнинг илк йилларида жуда қийналган»

– Мустақилликнинг илк йилларида катта дошқозондан чўмичимизни қуруқ олиб, янги ҳаёт бошлаш осон бўлмаган. Бу йилларда 2та катта масала олдимизда турарди. Биринчиси – тинчликни сақлаш. Иккинчиси – халқни оғир бўлган ҳолат – озиқ-овқат танқислигидан олиб чиқиш.

Ислом ака Каримов доим бизга шу икки жиҳатни таъкидлар эдилар. 1993 йил шундай кунларни кўрганмизки... Бир куни Ойим қишлоғидан хабар келди. Одамлар комбайнни юргизмаяпти экан. Борсам, ишонасизми, 40 гектарли майдонда комбайн юрибди. Бункер тепасида 4-5 бола ғаллани ўғирлаяпти. Олдида 200 нафарга яқин аёл буғдойни ўриб кетяпти.

Қарасам, эплаб бўлмайди. Бункердан буғдойни одамлар учун ўша ерга тўктирдим. «Поля»ни шу ҳолича одамларга ташлаб, комбайнни бошқа «поля»га олиб ўтиб кетганмиз.

Одамларимизда ўша пайтларда ун тақчиллиги бор эди. Ўша 1993 йиллардан, ўйлашимча, одамларнинг ўзлари жуда оч бўлмаса-да, кўзи оч эди. Буни тўғри тушуниш керак. Чунки, фуқаролар кунлигини кунда ейишар эди. Кўзи оч эди. Шунақа оғир даврларни кўрганмиз. Лекин халқимизнинг дунёқараши, мустақилликка бўлган ишончи бу вазиятдан олиб чиқиб кетган.

«Разборщик»лар билан тортишув

– Энди, аёл сифатида ҳоким бўлишлик бу анча мураккаб нарса. Мен ўзим ҳам жуда қийналганман. Биринчидан, юртдошларим тан оладими мен аёл ҳокимни, деган савол қийнаган. Иккинчидан, мен аёл бошим билан шундай юксак ишончни оқлай оламанми ё йўқми, деган ичимдаги бир туйғу мени жуда қийнар эди.

3 йилгача 2 соатдан ошиқ ухламаганман. Чунки уйимга келиб, ухлашни бошлаб-бошламай қайсидир ташвиш билан яна чиқиб кетар эдим. Далама-дала юрардим.

Туманда ўша даврда 4та гуруҳ бор эди. У маҳалда «разборщиклар» дейилган. Бир куни хонамда ўтирибман. Ўша йиллар кучайган «Мухтор сақа» деган «разборщик» бўларди. Биринчи кириш эшиги тарақа-тарақ очилиб, иккинчи эшикни тепган эди, ошиқ-мошиғидан чиқиб, қулаб тушди. Хонамга 6 барзанги кириб келди.

Энди чой дамлаб кириб, ичаётган эдим. «Келинглар», демасам ҳам, ён томондаги стулга ўтиришди. Кейин, ҳар хил зуғум ўтказадиган гапларни бошлашди. Индамай, чойни ичиб ўтиравердим. Шунда ўзимга «Манзура, бугун мана шулардан қандай халос бўлишинг, уларга ғоявий ҳужум қилиб енгишинг, қандай ишонтиришинг сени Жалақудуқни ҳақиқий ҳокими эканлигингни билдиради», дедим. Шу билан ичимда куч топдим.

Охири уларнинг гапи тугаб тўхташди. Мен «Бўлдими?» дедим. «Бўлди», деди. Уларнинг ҳамма гапига жавоб бердим. Мустақиллик нимага бўлганини, бу келажакда нима бўлишини, президентимиз нима қилаётганини айтдим. Бу юртда қонун устувор бўлишини тушунтириб, «Сенлар нима қиляпсан?» деб илҳомим келиб, роса гапира кетдим. Сўз бойлигим бор, қисқаси «ёпиштирдим». Жим бўлиб қолишди. «Қани энди, «шагом марш!» – дедим. Ўтиришаверди. Олдимдаги чойнакни улар ўтирган столига отдим. «Тур ўрнингдан» дедим. Ҳаммаси тирқираб ўрнидан турди. Эшикка шундай тенг югуришди.

Ҳалиги Мухтор деганини ёқасидан ушладим. «Эшикни тўғрила», дедим. «Тўғрилаб, кейин чиқиб кетасан, бўлмасам, сени прокурорга бераман», деганимдан кейин эшикни тўғрилаб, чиқиб кетди.

Шундан кейин мени кучим, ўзимга ишончим мустаҳкам бўлди. Демак, ҳар қандай кучни қайтариш мумкин экан. Чекинмаслик керак экан.

Бу аёл 6 ойга бормайди деганлар бўлган. Лекин мен шунча йил ишладим. Нимага? Буни тагида фақат меҳнат ётади. Агар ўзингиз учун ҳаракат қилиб, халқни ўйламаётган бўлсангиз, халқ сизга ишонмайди.

Амал ва оила

– Аҳоли, қўл остимдагилар олдида йиғламаганман. Чунки, мен йиғласам, халқнинг руҳи тушиб кетар эди.

Уйда эса, эшикни беркитиб олиб, қийқириб йиғлаб олган кунларим бўлган.

1970 йил оила қурдим. Саккиз қиз ва бир ўғил жойга тушдим. Мен тушганда тўртта қайнисинглим ҳали оила қурмаган эди. Раҳматли қайнотам Турғунбой тоға темирчи эди. Қайнонам Жўрахон она – уй бекаси эди. Мени кўзининг қорачиғидай сақлаган ўғлига келин қилиб олишди. Шу кундан бошлаб, бригадир бўласиз дейишганда ҳам, қайнотамга айтсам, бўпти болам деган.

Аёл кишига оиласидагилар шароит яратиб, яқинлари унга ишониши керак.

Хўжайиним савдо соҳасида ишлаган. Бир куни кеч қолдим. Хўжайин билан келишиб олганмиз. Бўпти ишлайсан, деган. Лекин амалинг остонани у ёғида қолади деган. Бир куни диққат бўлиб келибман. Қўлимдан ушлаб ташқарига олиб чиқиб қўйган. Амалингни ташлаб кел деган. Қайнотам раҳматли чиқиб, хўжайинимни сўкиб, мени уйга олиб кирган. Аёл киши учун эр доим эр бўлиб қолади.

8 йил давомида республикадаги ягона аёл ҳоким

– Биз биринчи ҳоким бўлган пайтимизда тўрт аёл эдик. Наманганнинг Косонсойидан Тоҳирахон, Самарқанддан Раҳимахон, Хоразмдан Шакаржон.

Тақдирни қарангки, тўрталамиз ҳам Олий партия мактабида иккита группада иккитадан бўлиб, иккитамиз партия қурилишида, иккитамиз совет қурилишида ўқигандик.

Фалакнинг гардиши билан тўрталамиз ҳам ҳоким бўлиб қолдик. Улар 4 йил, 5 йилдан ишлади. Шакаржон 7 йил ишлаб, кейин Хотин-қизлар бўйича ўринбосар бўлиб кетди. Улар эса вазифадан кетди. Кейинги 8 йил ичида республика бўйича битта мен ўзим қолдим.

«Ҳозир ҳоким ҳамма соҳани билиши керак»

Бугунги жамият мен ишлаган даврдагидек эмас. Анча илгарилаб кетди. Одамларнинг дунёқарашида катта ўзгаришлар бўлди. Ёшларимиз орасида ўқимишлилари кўпайиб кетди. Ҳозирги ҳоким ҳамма соҳани билиши керак.

Мен битта нарсадан ниҳоятда афсусланаман. 20 йил кейин туғилмайманми? Мана шу даврда ишламайманми? Президентимиз жамиятга ажойиб бир кучни, ғояни олиб келдики, секин юрган одам улгурмайди. Югурган одам улгуради.

Аёл ҳокимнинг елкасида иккита масъулият бор. Биринчиси – ҳокимлик вазифаси бўлса, иккинчиси – аёллик вазифаси. Чунки эркаклар кўпчилик бўлгани учун хато қилса, ишни яхши олиб бормаса, билинмаслиги мумкин. Масалан, 15-20тани ичида битта бўлса, у билиниб қолади-ку? Шунинг учун, эркакларга нисбатан ҳам аёл билимли бўлиши керак.

«Ҳозир жуда кўп ҳолатларда оқибат билан шуғулланяпмиз»

– Мен учун бугун ҳоким бўлиш осонроқ бўлар эди. Чунки мустақилликнинг дастлабки йилларидаги фикрлар қарама-қаршилиги, қарашлар хилма-хиллиги, Наманган, Ўш ва Фарғона воқеалари бизни чиниқтирган.

90-йиллар. Ўнгдан чапга: Шахрихон тумани ҳокими Муҳаммаджон Раззақов, Балиқчи тумани ҳокими Абдусаттор Ғаниев, Жалақудуқ тумани ҳокими Манзурахон Эгамова, Марҳамат тумани ҳокими Абдуманноп Расулов, Бўз тумани ҳокими Адаҳамжон Ўринбоев.

Ҳозир жуда кўп ҳолатларда оқибат билан шуғулланяпмиз. Мен доим айтаман: оқибат билан шуғулланганда, ҳеч қайси муаммони бартараф қила олмаймиз. Биз сабаб билан шуғулланишимиз керак.

Мана, кимдир ўз жонига қасд қилса, югуриб бориб уни кўмиб келиб, «разбор» қиляпмиз. Ҳодиса бўлиб бўлди-ку? Шуғулланиб нима қиламиз? Сабаби билан шуғулланишимиз керак. Ўзини осгунча ёлғиз бўлгиси келган, диққат бўлиб юрган, маҳаллага қўшилмаган. Мактаб ўқувчиси бўлса, ўртоқларига қўшилмаган. Ота-онанинг оилада шароити яхши бўлмаган... Буни билиш керак эди. Бу оила билан шуғулланиш керак эди. У қилганини қилиб бўлди. Оқибат билан шуғулланишимизнинг фойдаси йўқ. Сабаб билан шуғулланиш керак.

«Шахсиятга тегиш мутлақо мумкин эмас»

– Биринчидан, ҳокимнинг сўз бойлиги етарли бўлиши керак. Мисол учун, бирор раисга «ҳўкизсан» деб, шу усулда топшириқ берсангиз, у ярмини қабул қилмайди. Масалан, «Юсуфжон ака, эсингиз борми сизни? Мен сизга ишондимми? Сиз шунақа қиласизми?» десангиз, ҳокимнинг бу гапи унинг юрак-юрагидан ўтиб кетади. Чунки сизнинг бу гапингизда унга нисбатан ишонч бор. Уни қўллаб-қувватлаш бор. У сизга ишонади. Кетишингиз билан гапингизни икки баробар қилиб бажаради.

Лекин, сўкиш ҳам эҳтимол қаердадир керакдир. Мен ҳам қаердадир бақиргандирман. Бироқ шахсиятига тегиш мутлақо мумкин эмас. Ҳамма ҳам инсон.

Ўзбекистоннинг қайси бош раҳбарлари билан мулоқотда бўлгансиз?

– Шароф ака Рашидов, Усмонхўжаев билан, бир неча маротаба Ислом Абдуғаниевич билан кўришдим. Сессияда, ҳузурида ва вилоятга келганида кўп маротаба фикр билдириш, у билан сўзлашиш имконига эга бўлдик.

Шавкат Миромонович билан бир вақтда ҳоким бўлдик. Ундан кейин бир вақтда депутат бўлдик. Бош вазир бўлганда бирга ишладик. Бу киши билан кўп маротаба учрашдик.

Бугун мен жамиятдаги кекса бир кузатувчи сифатида шуни айтмоқчиманки, бугун аёллардан тайёр кадрлар йўқ. Нафақат аёллар, балки эркаклардан ҳам йўқ. Шунинг учун кадрларни поғонама-поғона тарбиялаб олиб бориш керак.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид