Ўзбекистон | 11:42 / 07.11.2022
19228
3 дақиқада ўқилади

“Мафкурасига эскилик сарқити ўтириб қолганларнинг иши” — ХТВ матбуот котиби билан Жалақудуқдаги воқеа ва мактаб муаммолари ҳақида суҳбат

Бир неча кун аввал Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги мактабда “Ҳоким ва ўқувчилар” учрашувида ўқитувчилардан ўқувчилари вилоят ҳокими саволларига “шукроналик ҳисси билан жавоб бериши”, свет-газ муаммоси ҳақида гапирмаслиги сўралган хабар тарқалганди.

Ижтимоий тармоқда тарқалган суратларга кўра, топшириқ Жалақудуқ тумани ҳокими Ҳикматилло Латипов ва туман халқ таълими бўлими бошлиғи Гулидона Саййидовага юборилган.

Kun.uz мухбири Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Лайло Рустамова билан боғланиб, Жалақудуқдаги воқеа тафсилотлари, “пастга” кўчмаётган таълим ислоҳотлари ва “ерсотар” ҳокимлар мавзусида интервью ўтказди.

— Лайло опа, вазирлик Жалақудуқ туманидаги ҳолат бўйича ички текширув, суриштирув ўтказдими? Ўтказилган бўлса қандай натижа олинди, ўтказилмаган бўлса, нега?

— Таълимга оид ҳар қандай танқидий хабар чиқаркан, биз уни ҳудудий раҳбарлар иштирокида муҳокама қиламиз ва ўша ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилади.

Биз бу ҳолатни ҳам ўрганишга берганмиз. Олдиндан шуни айтиш мумкинки, тарқалган суратларда мурожаат синф раҳбарларига қаратилган. Демак, уни мактаб раҳбари ёзган бўлиши керак. Чунки юқоридан топшириқ бўлганда у мактаб раҳбарларига қаратилган бўларди.

— Вазирликнинг ўрганиши фақат шундан иборатми?

— Ўрганиш қилинди, лекин ўша ёзувнинг айнан кимдан чиққани масаласи аниқланганича йўқ. Топганимиз билан барибир инсоннинг ўз дунёқараши, мафкураси бўлиши керак.

Айтайлик, сиз интервюдан аввал бу топшириқни берган кишига нима чора кўрилади, чора кўриладими ўзи, дея сўрадингиз. Албатта кўрилади, чунки бизнинг ишимиз болалар онгига сунъий нарсаларни сингдиришдан иборат эмас. Биз аксинча, уларнинг дунёқарашини кенгайтиришимиз, ўз фикрини тўғри ифодалай олишни ўргатишимиз керак.

Мактаб боласи ўқишга киришни хоҳламаса ҳам унга ўқишга кираман деб айтишинг керак дейишнинг ўзи бу – боланинг келажагига қизил чизиқ тортиш дегани. Чунки унда шу каби бир неча ҳолатдан кейин раҳбарнинг олдида биз рол ўйнашимиз керак экан, ёлғон гапиришимиз керак экан, деган фикр шаклланади. Бу тўғри эмас. Биз айтаётган топшириқ уни берган кишининг халқ таълимига нақадар номуносиб эканини кўрсатиб турибди.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси — Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид