Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қандай ҳолатда солиқ қарзининг ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этилади?
Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Низомга кўра, ҳисобдан чиқарилган солиқ қарзининг ҳисоби солиқ органи томонидан белгиланган тартибда юритилади.
Солидар тартибда кўрилган чоралар натижасида солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилгандан кейин ундирилган солиқ қарзи айнан ҳисобдан чиқарилган солиқ қарзи учун ҳисобга олинади.
Ваколатли органнинг ундирилиши умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарори унинг юқори турувчи органи томонидан бекор қилиниши мумкин.
Солиқ қарзининг ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этиш асослари
Солиқ кодексининг 60-моддасига мувофиқ суд қарори билан мажбуриятнинг бекор қилиниши туфайли ёки банкротлик орқали тугатиш, қарздорнинг вафоти ёхуд даъво муддати ўтиши (тугаши) сабабли тўланиши мумкин бўлмаган қарз ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этилади.
Солиқ кодексининг 96-моддасига мувофиқ солиқ қарзи қуйидаги ҳолатларда ундирилиши умидсиз деб эътироф этилади:
а) банкротлик орқали тугатилган юридик шахснинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли солиқ қарзи узилмай қолганда. Бунда, Оила кодексининг 34-моддасига асосан эр-хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобидан ундириш тартиби, муассислар (иштирокчилар) ва мулкдорлардан ундириш кўзда тутилган солиқ қарзини ундирувида ҳам татбиқ этилади;
б) якка тартибдаги тадбиркор банкрот деб эътироф этилганда қарздорнинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли солиқ қарзи узилмай қолганда. Бунда, банкрот деб эътироф этилган якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ қарзи ундируви Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 34-моддасига асосан эр-хотиннинг умумий мулкидаги тегишли улушига ҳам қаратилган бўлиши лозим. Агар, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 6 - моддаси 3 - қисмида белгиланган тартибда ташкил этилган бўлса, солиқ қарзи эр - хотиннинг барча мол-мулклари ҳисобидан тўлиқ ундириш чоралари кўрилган бўлиши шарт;
в) якка тартибдаги тадбиркор вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги муносабати билан унинг мол-мулки солиқ қарзини узишга етарли бўлмаганлиги сабабли солиқлардан қарзи узилмай қолганда. Бунда, вафот этган жисмоний шахснинг якка тартибдаги тадбиркор фаолияти бўйича ундирилмасдан қолган солиқ қарзи ундируви ундан мерос бўлиб қолган мол-мулклар қиймати доирасида унинг меросхўрларига қаратилган бўлиши шарт;
г) жисмоний шахс вафот этганлиги ёки жисмоний шахс вафот этган деб эълон қилинганлиги муносабати билан унинг мол-мулки солиқ қарзини узишга етарли бўлмаганда;
д) вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзи мол-мулкини мерос қилиб олган меросхўри (меросхўрлари) томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қиймати доирасида меросдаги улушига мутаносиб равишда узилади ва мерос қилиб олинадиган мол-мулк қийматидан ортиқ суммаси ундирилиши умидсиз сумма деб эътироф этилади. Бунда, мерос бўлиб ўтаётган мол-мулклар қиймати меросхўр томонидан баҳоловчи ташкилотларига қайта баҳолатиш орқали аниқланади ҳамда мол-мулкни баҳолатиш билан боғлиқ харажатлар меросхўр томонидан тўлаб берилади.
е) вафот этган жисмоний шахснинг меросхўри бўлмаганда ёки меросхўр (меросхўрлар) мерос олиш ҳуқуқидан воз кечганда;
ж) солиқ органи солиқ қарзини ундиришнинг белгиланган муддати ўтиши муносабати билан уни ундириш имкониятини йўқотганлиги тўғрисида суд томонидан ҳужжат қабул қилинганда, шу жумладан суд томонидан солиқ қарзини ундириш тўғрисида ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилганда;
з) чет эллик юридик шахс солиқ органидан ҳисобдан чиқарилганда, доимий муассасанинг мол-мулки етарли эмаслиги ва Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс томонидан тўлаш имконсизлиги сабабли солиқ қарзи тўланмаганда. Бунда, тугатилган юридик шахслар, чет эллик юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ органида қайтадан ҳисобга қўйилганда ёки фаолияти тикланганда солиқ қарзи ҳам қайта тикланиши лозим.
Солиқ қарзини ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этиш ва уни ҳисобдан чиқариш бўйича ваколатли органлар
Солиқ кодексининг 96-моддаси 2-қисмига асосан қуйидагилар ундирилиши умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатига эга:
Низомнинг 6-банди а, б, в, г, д ва е-кичик бандларида назарда тутилган ҳолатларда, юридик шахс жойлашган ҳудуддаги ёки жисмоний шахснинг яшаш жойи бўйича солиқ органи;
Низомнинг 6-банди ж, з-кичик бандларида назарда тутилган ҳолатларда солиқ тўловчи ёки солиқ агенти ҳисобда турган жойдаги солиқ органлари.
Солиқ тўловчи жойлашган жойдаги давлат солиқ инспекциясининг умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарори солиқ тўловчининг солиқ мажбурияти юзага келган бошқа давлат солиқ инспекцияси ёки Йирик солиқ тўловчилари бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан ижро этилиши шарт.
Мавзуга оид
18:58 / 06.05.2026
Фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди
09:54 / 14.04.2026
Якка уй-жой ва кичик бинолар қурилишида хусусий назорат жорий этилади
18:34 / 09.04.2026
Солиқ назорати тадбири видеотасвирга олинади
11:17 / 06.04.2026