Жаҳон | 08:07 / 05.03.2020
5161
2 дақиқада ўқилади

АҚШ конгресси коронавирусга қарши курашга 8,3 млрд доллар ажратишга рози бўлди

АҚШ конгресси вакиллар палатаси коронавирусга қарши курашиш бўйича 8,3 млрд долларлик чора-талбирлар пакетини маъқуллади.

Фото: REUTERS

Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, тегишли қонун лойиҳасига қуйи палатанинг 415 аъзоси овоз берган, 2 нафаригина қарши чиққан.   

Ҳужжат касалликни даволаш усулларини ишлаб чиқишга 3 млрд доллар, АҚШнинг касалликларни назорат қилиш ва профилактикаси марказига коронавирус тарқалишини тўхтатиш учун 2,2 млрд доллар ажратилишини кўзда тутади. Бундан ташқари, АҚШ хорижий давлатларга 1 млрд доллар йўллайди. 

Оқ уй бу мақсадлар учун 3 марта камроқ маблағ – 2,5 млрд доллар сарфлашни режалаштирганди. Бироқ конгрессменлар бу суммани жуда оз деб топишган. Натижада АҚШ президенти Дональд Трамп конгресс бу борада маъқуллайдиган ҳар қандай қонун лойиҳасини имзолашини айтган.

Бундан ташқари, АҚШда коронавирусга қарши ишлаб чиқилаётган вакцинанинг қиймати борасида демократлар ва республикачилар ўртасида баҳс чиққан. Демократлар вакцинани ишлаб чиқиш нархи жуда ошириб юборилмаслигини талаб қилишган, республикачилар эса нархнинг назорат қилиниши вакцина ишлаб чиқилишининг чўзилиб кетишига олиб келиши мумкинлигини айтишган. Натижада якуний қонун лойиҳасида вакцина ва бошқа дориларнинг сотиб олинишига 300 млн доллар ажратилиши белгиланган.   

Айни вақтда АҚШда коронавирусга чалиниш бўйича 153 та ҳолат қайд этилган, ундан 11 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид