Жамият | 23:02 / 05.03.2020
4665
2 дақиқада ўқилади

Арлем Дезир: «Ривожланишни истайдиган жамият сўз эркинлигини ҳурмат қилиши керак»

5 март куни Самарқандда II Марказий Осиё судьялар мулоқоти ўтказилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташаббуси билан ўтказилган анжуманда судьялар, ҳуқуқшунослар, журналистлар, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари ҳам қатнашди.

ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир Kun.uz мухбирининг сўз эркинлиги тўғрисидаги саволига жавоб берди.

«Сўз эркинлиги бу – инсон ҳуқуқларидан бири. Уни таъминлаш барча йирик ташкилотлар, жумладан БМТ ва ЕХҲТ талабларидан ўрин олган.

Сўз эркинлиги – аввало фуқаронинг ўзи хоҳлаган маълумотни қаршиликсиз олиши. Шунингдек, сўз эркинлиги бу – маълумотни қайта ишлаш ва улашиш ҳуқуқи. Яъни, бу тўғридан-тўғри ОАВ фаолиятига боғлиқ.

Сўз эркинлиги бутун дунёда ҳурмат қилинадиган нарса. Ҳар қандай замонавий ва ривожланишни хоҳлаган давлат сўз эркинлигини таъминлаши керак. Бугунги кунда айниқса ижтимоий тармоқ ва интернетда сўз эркинлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўз навбатида, ривожланишни истайдиган жамият ҳам сўз эркинлигини ҳурмат қилиши керак», – дейди Арлем Дезир.

Маълумот учун, 61 ёшли франциялик сиёсатчи 2 йил давомида Франция социалистлар партияси бош котиби, 3 йил Европа, ташқи савдо ва туризмни ривожлантириш бўйича давлат котиби вазифасида ишлаган.

Мавзуга оид